slot gacor
slot gacor
 РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН! » Арнасой тумани ҳокимлиги расмий сайти
Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

18 апрель 2023 йил
136
0

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини Рузадор холда ўтказишди.

Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутиб, зиммаларидаги буюк бир вазифани шараф билан ўташди. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини имкони борича тутиб, Аллоҳнинг ўзи ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни бўлган фитр ҳайити каби улкан шодиёна арафасида турибмиз.

"Ийдул-фитр", яъни Рамазон ҳайити жуда улуғ байрам, дунёдаги барча мусулмонлар катори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринки руҳ билан ўтказадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз кабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб палладир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, руза ва қурбон хайитларида барчаларимиз хурсандчилигимизни, суруримизни, ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят киладилар: "Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: "Бу қандай кунлар?" деб сўрадилар. Улар: "Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди", дедилар" (Абу Довуд, Ахмад, Насоий)

Ҳайит - Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат кунидир, уларнинг қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ учун тутган рўзалари эвазига улкан мукофотлар ва жаннат неъматларини вада килган кунидир.

Куръони каримда бундай марҳамат этилади. "Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан Мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!" (Соффот сураси, 60-61- оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти деб атаганлар. Бу ҳадисни Ибн Аббосдан Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар ривоят этишган. Кечагина барча мусулмонлар емак ва ичмакдан узларини тийиб, факат тоат ва ибодат билан машгул бўлган бўлишса, бугун Аллох таолонинг неъматларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёмига етишдилар.

Бу йилги Рамазон ойи шуниси билан ниҳоятда файзли, фазилатли кечдики, бу ойда ибодатларимиз хар қачонгидан кўп ва холис бўлди. Мусулмонларимиз бу ойни тоат- ибодат, тавба-тазарру, сабр-бардош, яхшилик ва меҳр-мурувват йўлида ўзаро мусобақалашишлар билан безашга ҳаракат килишди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бизга кўрсатмалари шундай бўлган, ибратлари шундай бўлган: ўзлари бу ойда бошқаларга қараганда кўпрок ибодат, эзгу, хайрли ишлар килганлар. Зеро, ҳадиси Қудсийда келганки: "Мен учун тутилган рўзанинг ажр-мукофотини Ўзим бераман".

Барча мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида тоат-ибодатлар билан, хайру саҳоватда мусобақалашишлар билан ўтказиш борасидаги Пайгамбар алайҳиссалом кўрсатмаларига амал қилиб, Рамазон ойини чиройли якунлашди. Бир ой давомида диёримиздан етишиб чиққан мужаввид, хушовоз қорилар иштирокида мамлакатимиз масжидларида Куръони карим хатмлари, таровеҳ намозлари бўлиб ўтди. Чунки бу суннатга мувофик эди: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида Ҳазрати Жаброил алайхиссалом иштирокларида Куръони каримни хатм килишган.

Шунинг учун мўмин-мусулмонларимиз бу ойни том маънола Аллоҳни ҳушнуд этадиган солиҳ ва эзгу ишлар, Куръони каримни тиловат килиш на ўрганиш ойига айлантирдилар. Рамазон ойида ўзларини ейиш ва ичишдан бошқа нафсоний ишлардан тийибгина қолмай, кўзларини, тилларини, қалбларини ҳам - гуноҳ ишлардан қайтаришга ҳаракат килишди. Бу ойда, шунингдек, шайтоний амаллардан ҳисобланган исрофдан ўзни асрашга ҳам алоҳида эътибор берилди.

Бу йилги Рамазон ҳайтимиз яна шуниси билан файзли ва шукуҳли бўляптики, бу жуда муҳим сиёсий жараён олдида турибмиз. У ҳам бўлса Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига ўзгартиришлар киритиш жараёнидир.

Қолаверса, ушбу конститутциявий ислоҳотлар аввало ҳалқнинг манфаати  учун хизмат қилишни кўзламоқда. Юртимизда инсон қадри, ҳалқнинг манфаатини амалда таъминлашига эришишга катта марралар қўйилмоқда.

Шунингдек, бу йилги Рамозон ойида юртбошимиз ташаббуси билан Республикамиз бўйича 1400 нафар Умра зиёрати юборилган бўлса, Арнасой туманида ижтимоий кам таъминланган оилалардан 7 нафари Умра зиёратига бориб келиш насиб қилди.

Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, якинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саҳоват кўрсатишга чорлашдир. Ҳайитдан максад, ночор ва заифларнинг, муҳтож ва кам таъминланганларнинг жамият зиммасидаги ҳақларини ёдга туширишдир. Ҳайит кувончлари, байрам хурсандчиликлари ҳар бир хонадонга, хар бир оилага кириб бориши учун айнан шу кунларда фитр садақасини бериш, закот ва бошқа садақа, хайр-эҳсонларни тарқатиш давлатманд кишиларга вожиб бўлади.

Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари хар качонгидан қалқиб, бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саҳоват ва хаё, етим ва хожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қуйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, умуман инсонлар ўртасида меҳр-оқкибатни янада кучайтириш талаб этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат килиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир".

Ушбу муборак ҳайит кунларида якинларимизнинг ҳолидан хабар олиш билан бирга атрофимиздаги шикаста кўнгил кишиларни зиёрат қилиш, уларга хайру-саҳоват улашишнинг ҳам ажру мукофоти улуғ эканлиги борасида Аллоҳ таоло куйидагиларни таъкидлаб айтади: "Сиздан (эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Ниманики хайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эхсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир". (Бақара сураси, 215-оят).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: "Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзларини узишга ёрдам беринглар" (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон ойи юртимизда аҳил-иноқликда кўтаринки руҳ билан ўтказилди. Юртдошларимиз савоб ишларнинг бошини тутиб, мехр-мурувват кўрсатдилар, кексаларнинг ҳолидан хабар олдилар, эзгу ишларда бардавом бўлдилар. Энди ушбу анъанани ва касб этган хайрли амалларимизни йил буйи давом эттиришимиз керак. Мана куни кеча ҳурматли Президентимизнинг "Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тугрисида"ги Қарори Эълон қилинди. Мазкур қарор халқимизнинг кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлади.

Рамазон ойини кандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам унданда аълороқ, унданда файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак. Бу байрамнинг биринчи кунини дам олиш куни, деб эълон қилиниши унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборади.

Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмокда. Бу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун хар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўк. Мана шу хақиқатни ҳар биримиз теран англамонимиз, уни ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдириш йулида барчамиз ҳамкор ва ҳамжихатликда астойдил ҳаракат килмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло ушбу ойни ва Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Парвардигор ҳаммамизни қайта-қайта ҳайит қувончларига етказсин, Рамазондаги барча ибодатларимиз, эзгу ишларимизни Пайгамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофик бўлишини муваффак айласин! Аллоҳ таоло келаси Рамазон ойи ва ҳайитига соғ-саломат, тичлик-омонликда, офият-хотиржамликда етиб боришни барчаларимизга насиб айласин! Рамазон ҳайитингиз кутлуғ бўлсин!

 


Отабек ЮЛДАШЕВ

Арнасой туман бош имом хатиби



скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар