Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Туман ҳокимининг Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолига табриги

Туман ҳокимининг Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолига табриги

31 июль 2020 йил
535
0

Қадрли юртдошлар!

Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман.

Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!

Азиз арнасойликлар! Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

Дунё давлатлари қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида биз Қурбон ҳайитининг жамиятимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.

Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз.

Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик
ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда. 

Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.

Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта.

Ана шундай олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Арнасой туманида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди. 

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Ҳаракат доирасида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради.

Пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 350 млн сўмдан ортиқ миқдорда пул ва озиқ-овқат маҳсулотлари, 55 млн сўмлик дори-дармонлар, 47 млн сўм фуқароларнинг соғлигини тиклаш учун ажратилган бўлса, Ҳукумат фармойишига мувофиқ, 267 та оилаларга 185 млн 130 минг сўм пул маблағлари эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилди.

Азиз юртдошлар!

Она юртимизнинг келажаги буюк ва ёруғ, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимизнинг раҳнамолигида амалга оширилган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилайлик.

Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда барча мўмин-мусулмонларимизни, Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман. 

 

Жамолиддин Бердибоев

Арнасой тумани ҳокими

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар