Арнасойда Хитой тажрибаси асосида пахта етиштирилади
Арнасой туманида янги ва замонавий инвестиция лойиҳаларини жалб этиш борасида хорижий инвесторлар билан манфаатли алоқалар йўлга қўйилмоқда.
Хусусан, туман ҳокими Одил Мусанов Хитойлик инвесторлар билан учрашиб, янги лойиҳа ва таклифлар юзасидан суҳбатлашди. Мулоқотда Арнасойда айнан Хитой тажрибаси асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, айниқса, Хитойнинг пахтачиликдаги илғор тажрибаларини оммалаштиришдаги ҳамкорлик масалалари хусусида сўз борди.
Мулоқот давомида пахта етиштириш бўйича юқори самарадорликка эришган Хитой тажрибасини туманга жорий қилиш, илмий асосланган ва тажрибадан ўтган пахта агротехникасини кенг ёйиш, шунингдек, пахтани экишдан тортиб ҳосил йиғилгунгача бўлган вақт оралиғида бажарилиши лозим бўлган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув якунида қишлоқ хўжалигида амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳамкорлик лойиҳаларининг амалий ижроси юзасидан туман ҳокими Хитойлик инвесторлар билан туман заҳирасидаги ерларни кўздан кечирди.
Арнасой туманида пахтачиликда замонавий самарадор агротехнологияларни қўллаш, ҳосилдорликни кескин ошириш, юқори ҳосилдор ва сифатли уруғлик чигит олиб келиш мақсадида Хитойлик инвесторлар томонидан “Arnasoy Yusuf Cotton” масъулияти чекланган жамияти томонидан уруғ етиштириш, уруғчиликнинг янги навларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича янги корхона ташкил этилди.
“Arnasoy Yusuf Cotton” масъулияти чекланган жамияти Хитой Халқ Республикасидан пахтанинг юқори ҳосилдор ва сифатли уруғлик чигит олиб келиб, туман заҳирасидаги ерлардан 1000 гектар экин майдонини онлайн аукцион орқали олиб, туманда пахтанинг янги навини етиштириш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, мазкур корхона уруғлик чигит тайёрлаш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ҳамда пахта маҳсулотларини қайта ишлашни босқичма босқич амалга оширилади.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати