Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » ОДАМ САВДОСИ — ХАВФЛИ ИЛЛАТ

ОДАМ САВДОСИ — ХАВФЛИ ИЛЛАТ

15 август 2022 йил
176
0

Ҳеч биримизга сир эмаски, одам савдоси жинояти асримизнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Одам савдосининг глобал бизнес турига айланишида халқаро жиноий гуруҳларнинг ушбу фаолиятни даромад манбаига айлантириб олгани асосий омил бўлмоқда. Гарчи бу фаолият жиноий даромад манбаи сифатида гиёҳванд моддалари ва ноқонуний қурол-яроғ савдосидан кейинги ўринда турса-да, ундан олинаётган ноқонуний фойда тобора ўсиб бормоқда. Бундай бизнес фақат сўнгги ўн йилликда шундай катта ҳажмда ривожландики, кузатиш ва таҳлиллар бу ҳодиса тез орада инсониятнинг биринчи даражали муаммосига айланишини кўрсатмоқда. БМТ тақдим этган маълумотларга кўра, ҳозир дунёда 27 миллион одам қуллик исканжасида. Бу рақам кун сайин ўсиб бормоқда. Одам савдоси тадқиқотчиларидан италиялик олим Пино Арлакининг қайд этишича, бу рақам ҳатто 200 миллионга етиши ҳам мумкин. Халқаро экспертларнинг фикрича, бугун ҳеч бир мамлакат одам савдоси муаммосидан ўзини муҳофаза эта олмайди. Эндиликда қуллик балоси нафақат тараққий этаётган мамлакатларда, балки АҚШ ва Европа каби ривожланган ҳудудларда ҳам тез илдиз отмоқда.

       Ҳозирда одам савдоси Непал, Судан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Гаити, каби давлатларда айниқса, илдиз отган. Ушбу давлатларда илдиз отган коррупция ва тамагирлик замонавий қуллик савдосининг кенг ёйилишига олиб келмоқда. Ҳатто Ҳиндистонда муайян гуруҳ бошқаси устидан ҳукмронлик қилиш анъанаси ҳанузгача сақланиб қолган. Жанубий Осиё давлатларида эса қарз эвазига одамларни қулга айлантириш ва мажбурий ишлаб бериш каби эскича одатлар ҳалигача мавжуд. Ҳозирда кўплаб халқаро конвенциялар қабул қилиниб, ҳар бир давлат қонунчилигида одам савдосига қарши кураш бўйича тегишли нормалар шакллантирилаётган бўлишига қарамай, жуда кам ҳолларда умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларга амал қилинаяпти. Мисол учун Германия Фуқаролик кодексининг 138-моддасида «аёл танасини сотиш» жамиятга хос бўлмаган, маънавият ва ахлоққа қарши ҳолат, деб таърифланади. Лекин бу мамлакат қонунчилигида одам савдосига қарши кураш юзасидан самарали натижа кўзга ташланмаяпти. Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Юқоридаги давлатлар ҳуқуқий амалиёти шуни кўрсатадики, одам савдосига оид халқаро ҳуқуқий нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш жараёнини мунтазам такомиллаштириб бориш лозим.

        Одам савдоси бу ўз-ўзидан юз берадиган ёки тасодифий фаолият эмас, балки жуда пухта ташкил этилган жараёндир. Одам савдоси жиноят фаолиятининг ташкилий даражасига, қонунчиликнинг йўл қуйишига, маҳаллий шарт-шароитлар яратувчи қулайликларга боғлиқ ҳолда фарқланиб туради. Одам савдоси ҳар доим уч босқичда: ёллаш, ташиш ва эксплуатация жараёнида содир бўлади.

        Бугунги кунда трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли тури одам савдосига қарши курашнинг халқаро ва миллий даражадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмини илмий асосда атрофлича таҳлил қилиш мониторингини олиб бориш лозим. Мавжуд муаммоларни аниқлаш ва амалиёт эҳтиёжларига мувофиқ келадиган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиб, тегишли давлат органларига ҳавола қилиш керак. Маълумки, одам савдоси ниҳоятда ривожланиб бораётган жиноий индустрияга айланиб қолмоқда. Бу эса, дунё ҳамжамияти ҳуқуқ-тартиботи, тинчлиги ва хавфсизлиги учун жиддий хавф солмоқда. Одам савдоси криминал фаолияти ривожланиб боришининг асосий омилларидан бири — бу амалдаги халқаро ҳуқуқий механизмлар самарадорлигининг етарли эмаслигидадир. Одам савдосига қарши кураш соҳасидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар барча давлатлар, айниқса, одам савдосига кўпроқ жалб қилинган мамлакатлар томонидан ратификация қилинмаганлиги, мазкур ҳужжатлар ижроси устидан самарали халқаро миллий назорат механизмларининг яхши фаолият қўрсатмаётганида деб баҳоланмоқда. Баъзи давлатларнинг миллий-ҳуқуқий механизмларида одам савдоси тушунчаси шаклланмасдан, шунчаки одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланиши билан чекланганлиги ҳам одам савдосини бартараф этишга салбий таъсир кўрсатмокда.

        Аммо инсон, аввало ўзининг ҳуқуқларини тўлиқ билмас экан, ҳеч қандай чора-тадбирлар самара бермаслигини англаб олиши лозим. Шу нуқтаи назардан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш орқалигина ушбу иллатнинг олдини олиш мумкин. Қонунларимизга халқаро ҳуқуқ меъёрларининг имплементация қилиб борилиши уюшган трансмиллий жиноятчилик тусини олган одам савдоси муаммосининг ечимини топишимизда муҳим омил бўлади. Чунки қонуннинг устунлиги ислоҳотлардаги етакчи тамойил ҳисобланади.

 

Мақсуд ЭРНАЗАРОВ

Жиноят ишлари бўйича

Арнасой туман судининг раиси


скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар