Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари

Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари

25 апрель 2023 йил
95
0

Солиқ қонунчилигимизда назорат ва бошқа кўплаб хусусиятлар белгилаб берилишига қарамасдан бизнинг назаримизда айрим ислоҳотларга ҳам мухтожликлар мавжуд. 

Бугунги кунда солиқларни қайд этиш, рақамли иқтисодиёт билан чамбарчас ҳолда олиб борилиши, соҳага тўлиқ ахборот коммуникация технологияларининг жалб этилиши самарадорлик ортишига хизмат қилмоқда.

Инсон омилисиз тизимлаштирилиш, бу борада аҳоли саводхонлигини ошириш, жамоатчилик назорати платформасини яратиш, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, солиқ рекламаси, харид чеки рекламаси, хизматлар кўрсатиш чеки каби майиший масалаларга ҳам эътибор янада кучайтирилиши лозимдир.

Солиқлар яширилиши ҳолатларига қарши курашиш тизимида дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси асосида йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Ривожланган мамлакатлар солиқ идоралари ва фуқароларидаги солиқ сиёсатига бўлган маданияти ўзига хос хусусиятга эга.

Солиқ тўловчиман каби иборалар ифтихор билан эътироф этилади.

Мухтарам Юртбошимиз бошчилигида тадбиркорлик ва хусусий секторни қўллаб қувватлашга қаратилган ислоҳотлар замирида, енгиллаштирилаётган солиқ имтиёзларининг босқичма босқич бериб борилиши давлат бюджети барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб бормоқда.

Солиқ органларида ва саноат тармоқларида ўзаро коррупцион ҳолатларни кисқартириш ҳам янги ислоҳотлар босқичини талаб этмоқда.

Барча ҳокимият тузилмаларидан мустақил, парламент олдида ҳисобдор Президент тайинлови асосида фаолиятга киришувчи солиқ сиёсати ва иқтисодиётни чуқур англаган, солиқ политцияси тизимини ҳам йўлга қўйилиши келгусида давлат буюджети самарадорлиги ортишига ҳисса қўшиши мумкин.

Маҳаллий бозорлардаги солиқлар талон-тарожлиги, маҳаллийчилик, олдиндан тил бириктирилиши ҳолатлари учраётганлиги ва савдо шаҳобчаларидаги тортишувлар, хизмат кўрсатувчилар томонидан ҳуқуқини талаб қилган истеъмолчиларга нисбатан самасуд ҳолатлари бу солиққа оид профилактика ва назоратда янгича ёндошувга эхтиёж пайдо қилмоқда.    

Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 133-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик ва жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига ушбу шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан кечиртирмай тегишли юридик шахсларнинг давлат реестридан кўчирмани, раҳбар (раҳбар вазифаларини бажарувчи шахс) тўғрисидаги маълумотларни, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва унинг паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотларни топшириши шарт. Шунингдек мазкур органлар солиқ органига давлат реестрига киритилган ва тегишли шахсларга тааллуқли бўлган ҳар қандай ўзгартиришлар тўғрисида бундай ўзгартиришлар киритилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт.

Ички ишлар органлари идентификацияловчи ID-карталар берилганлиги, шу жумладан йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар ўрнига идентификацияловчи ID-карталар берилганлиги фактлари тўғрисида, бекор қилинган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар ҳақида ўзлари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар ойда хабар бериб бориши, шунингдек турар жойни ижарага олиш (ижарага бериш) шартномаси, текин фойдаланишга бериш шартномаси мавжуд эмаслиги ёки ижарага олиш (ижарага бериш) шартномасининг солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этилмаганлиги бўйича аниқланган фактлар тўғрисида ўзлари жойлашган жойдаги солиқ органларига уч кун ичида хабар бериши шарт.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мол-мулк, уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этиши шарт.

Табиий ресурслардан фойдаланувчиларни ҳисобга олишни ва (ёки) уларни рўйхатдан ўтказишни, шунингдек табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни лицензиялашни амалга оширувчи органлар табиатдан фойдаланиш жойидаги солиқ органларига тегишли тарзда рўйхатдан ўтказилган (лицензия, рухсатнома берилган) кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ солиш объекти бўлган бундай ресурслардан фойдаланишга доир ҳуқуқлар бериш тўғрисида маълум қилиши шарт.

Сув ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига сувдан фойдаланувчи шахслар ва улар томонидан фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисида реал вақт режимида электрон шаклда ахборот тақдим этиши шарт.

Лицензиялар ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни берадиган органлар мазкур ҳужжатлар берилган шахслар жойлашган ердаги солиқ органига шундай ҳужжатлар берилганлиги, бекор қилинганлиги, тўхтатиб турилганлиги ёки уларнинг амал қилиши тугатилганлиги тўғрисида тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказишни амалга оширувчи органлар ҳамда ташкилотлар чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтказилганлиги (аккредитациядан маҳрум этилганлиги) тўғрисидаги маълумотларни ваколатхона жойлашган ердаги солиқ органига тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Халқаро ташкилотларнинг ҳамда чет эл нотижорат ноҳукумат ташкилотларининг ваколатхоналари реестрини юритиш ваколатига эга бўлган орган мазкур реестрга тегишли тарзда киритилганлик (реестрдаги ўзгартиришлар) тўғрисидаги маълумотларни аккредитациядан ўтказилган (аккредитациядан маҳрум этилган) ёки мазкур реестрга маълумотлар (ўзгартиришлар) киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида ваколатхона жойлашган ердаги солиқ органига хабар қилиши шарт.

Васийлик ва ҳомийлик органлари мол-мулк мулкдорлари (эгалари) бўлган жисмоний шахсларга нисбатан васийлик, ҳомийлик ҳамда мол-мулк бошқаруви белгиланганлиги тўғрисида, шу жумладан мол-мулк мулкдори (эгаси) бўлган боланинг васий оилага топширилганлиги ҳақида, шу жумладан мазкур васийлик, ҳомийлик ва мол-мулк бошқаруви билан боғлиқ кейинги ўзгартиришлар тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига маълум қилиши шарт.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар (муассасалар) кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори ҳақида, меросга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар берилганлиги ҳамда ҳадя этиш шартномалари нотариал тарзда тасдиқланганлиги тўғрисида солиқ органларига ахборот-коммуникация технологиялари воситасида реал вақт режимида хабар қилиши шарт. Бунда ҳадя этиш шартномалари тасдиқланганлиги тўғрисида тақдим этилаётган ахборотда ҳадя қилувчи ва ҳадя олувчи шахс ўртасидаги қариндошлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Чет эллик фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга ишлаш учун рухсатномалар ёки патентлар беришни амалга оширувчи органлар чет эллик фуқаролар ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахслар турган жойи бўйича миграция ҳисобига қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши шарт. Бундай маълумотлар солиқ органларида ҳисобда турмаган ва ўзига нисбатан ишлаш учун рухсатномани ёки патентни расмийлаштириш учун ҳужжатлар кўриб чиқишга қабул қилинган чет эллик фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан тақдим этилади. Мазкур органлар белгиланган ҳужжатлар қабул қилинган кундан кейин келадиган кундан кечиктирмай ушбу маълумотларни ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига хабар қилади.

Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиртирмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.

Божхона органлари ҳар ойда солиқ органларига:

экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги, шунингдек товарларни олиб ўтиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали электрон тижорат шаклида амалга оширилган товарларни олиб ўтиш ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона омборларида товарлар сақланаётганлиги фактлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.

Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимини белгиловчи орган солиқ органларига тегишли маълумотлар базасига уланиш учун дастурий маҳсулотларни тақдим этиш орқали домен номларининг маъмурлари тўғрисидаги ахборотларга кириш ҳуқуқини беради.

Солиқ органларига ушбу моддада назарда тутилган, қоғозда ёки электрон шаклда тақдим этиладиган маълумотларнинг шакллари, шунингдек шаклларни тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этиш тартиби ўзаро ҳамкорлик қилувчи тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

Ушбу моддада кўрсатилган маълумотлар солиқ органларига бепул тақдим этилади.

Ушбу моддада назарда тутилган маълумотлар ушбу моддада белгиланган органлар, муассасалар, ташкилотлар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан солиқ органларининг сўровларига биноан сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилади.

Мазкур қонун нормасининг мақсади – ўз вақтида солиққа солишни таъминлашдир.

Бундай мажбуриятларни бажармаганлик учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 2153-моддасида маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Ушбу моддага кўра, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида қонунчиликка мувофиқ ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тартибининг кўрсатилган ахборотни тақдим этмасликда, ўз вақтида тақдим этмасликда ёки бузиб кўрсатган ҳолда тақдим этишда ифодаланган бузилиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

2153-модда Ўзбекистон Республикаси МЖтКга Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-242-сонли Қонунига асосан киритилган. Айнан шу вақтдан бошлаб бундай мажбуриятларни бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик вужудга келган.

Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ҳам мавжуд бўлиб, 84-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 84-моддасига кўра, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ушбу юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тегишли юридик шахсларнинг давлат реестридан кўчирма топшириши шарт. Мазкур органлар давлат солиқ хизмати органига тегишли юридик шахсларга тааллуқли давлат реестрига киритилган ҳар қандай ўзгартишлар тўғрисида ҳам бундай ўзгартишлар киритилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт.

Лицензия ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар берадиган органлар бундай ҳужжатлар берилган шахслар жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига шундай ҳужжатлар берилганлиги ҳоллари ҳақида маълум қилиши, шунингдек мазкур ҳужжатлар бекор қилинганлиги, уларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисида маълумот бериши шарт.

Ички ишлар органлари паспортлар берилганлиги, шу жумладан йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ўрнига паспортлар берилганлиги фактлари ҳақида, бекор қилинган паспортлар тўғрисида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда, шунингдек турар жойни ижарага бериш шартномаси, текин фойдаланишга бериш шартномаси мавжуд эмаслигининг ёки давлат солиқ хизмати органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этилмаганлигининг аниқланган фактлари ҳақида ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига уч иш куни ичида маълум қилиши шарт.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ҳар йили 1 февралгача ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида 1 январь ҳолатига кўра маълумот бериши, шунингдек ер участкаси ва бошқа кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар йил давомида юзага келганда — мазкур кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Сув ресурсларини ҳисобга олувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги давлат солиқ хизмати органларига 1 февралдан кечиктирмасдан ўтган йил якунлари бўйича ўлчов асбобларисиз фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисида хабар қилиши шарт.

Давлат нотариал идоралари тегишинча кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори, шунингдек мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулкига ўтаётган мол-мулк қиймати тўғрисида кўрсатилган нотариал ҳаракатлар амалга оширилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шарт.

Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар ер участкасига бўлган ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) шахсларни кўрсатган ҳолда ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилганлиги (тугатилганлиги) тўғрисида, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз ёки ҳужжатда кўрсатилганига нисбатан катта ҳажмдаги ер участкаларидан фойдаланилганлик ва ер участкасига бўлган эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳоллари ҳақида ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига мазкур ҳоллар аниқланган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда маълум қилиши шарт;

Ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ҳар йили январь ойининг биринчи ўн кунлигида, йил давомида норматив қиймат ўзгарган тақдирда, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати аниқланган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда электрон шаклда ахборот тақдим этади;

Фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларининг давлат ҳисоби юритилишини амалга оширувчи ва (ёки) ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ўзлари жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ер қаъри участкаси жойлашган ер ҳамда мазкур ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахс тўғрисидаги ахборотни ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган (ҳисобга олинган) кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.

Банклар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга фақат улар давлат солиқ хизматининг тегишли органида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган тақдирда банк ҳисобварақлари очиши мумкин ва ҳисобварақлар очилганлиги тўғрисида ўша органга кейинги кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт. Қонунда назарда тутилган ҳолларда банклар давлат солиқ хизмати органларига бошқа маълумотларни ҳам тақдим этади.

Божхона органлари ҳар ойда экспорт-импорт операциялари, шунингдек товарларни олиб ўтиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали электрон тижорат шаклида амалга оширилган товарларни олиб ўтиш ҳақидаги маълумотни давлат солиқ хизмати органларига маълум қилиши шарт.

Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимини белгиловчи орган тегишли маълумотлар базасига уланиш учун дастурий воситаларни тақдим этиш орқали давлат солиқ хизмати органларига домен номлари администраторлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятини беради.

Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш тартиби ушбу моддада назарда тутилган органлар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари миллий қонунчилигимизда илк бор 2008 йил 1 январь куни қонуний кучга кирган эски таҳрирдаги Солиқ кодексида ўз аксини топган.

Масалан, бундай мажбуриятлар 1998 йил 31 июлда қабул қилинган Россия Федерацияси Солиқ кодексининг 85-моддасида назарда тутилган. 

М.БАХРИЕВ

Жиззах туманлараро маъмурий суди судьяси

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар