Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Арнасойда ўқув-тактик машғулот ўтказилди

Арнасойда ўқув-тактик машғулот ўтказилди

21 февраль 2022 йил
210
0

Кейинги йилларда дунёнинг турли минтақаларида, мамлакатимизда юз берган табиий, техноген офатлар бундай кутилмаган вазиятлардан ҳеч қайси ҳудуд, ҳеч бир инсон кафолатли ҳимояланмаганини кўрсатди. Шунинг учун огоҳлик, фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилишни билиш ҳаётий заруратдир. Шу сабабли, мавзуга доир ўқув машқ ва машғулотлари доимий равишда ўтказилиши мақсадга мувофиқ. 

Бугун, Жиззах вилоятининг Арнасой ва Зафаробод туманларида аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда давлат бошқарув органлари ҳудудий тизимларининг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга бағишланган 3 кунлик қўмондонлик-штаб ўқув машқига старт берилди. 

Жумладан, Арнасой туманида эрта тонгдан ўқув машқи қатнашчилари учун саф кўриги ўтазилди. Унда корхона, муассаса ва ташкилотларнинг табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар рўй берганда қўлланиладиган зарур воситалар билан таъминланганлиги, уларнинг фойдаланишга яроқлилиги назоратдан ўтказилди.

Шундан сўнг, тегишли бошқарув органлари куч ва воситаларини тайёр ҳолатга келтириш ҳамда авария-қутқарув ишларини бажариш бўйича бир нечта ўқув нуқтасида машғулотлар бошланди.

Хусусан, 1-ўқув нуқтасида Арнасой тумани Ғафур Ғулом маҳалласида кучли зилзила туфайли кўп сонли аҳолини эвакуация қилиш, фуқароларни рўйхатдан ўтказиш, жабрланганларни аниқлаш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари бажарилди. Аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилгач, вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан таъминланди. 

Бу вақтда 2-ўқув нуқтасида кўп қаватли бинодан жабрланувчини қутқариш ишлари амалга оширилаётган эди. Ушбу вазифани бажаришда оғир темир-бетон бўлакларини кўтариш, қирқиш имконини берувчи махсус қутқарув анжомларидан фойдаланилди, белгиланган вазифалар малакали қутқарувчилар томонидан кўргазмали тарзда бажарилди. 

Ўқув машғулотлари доирасида тумандаги “Ғунча” мактабгача таълим ташкилотида “Фуқаро муҳофазаси куни” ўтказилди. Унда иштирокчилар зилзила, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда бинони хавфсиз тарк этиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини мустақил бажариб кўрди. Шунингдек, мавзуга оид болаларнинг чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди. 

Кейинги ўқув нуқтасида авария-қутқарув хизматларига газ таъминотида рўй берган йирик аварияни бартараф этиш вазифаси қўйилди. Машғулот давомида Арнасой туман ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан ҳудуд ўраб олинди. “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан авария оқибатлари зудлик билан бартараф этилиб, аҳолини вақтинчалик суюлтирилган газ билан таъминлаш чоралари кўрилди. 

Тадбир давомида, шунингдек, туман ҳудудидан оқиб ўтувчи ЛР-15 каналининг 1,1 км қисмида ўзан тозалаш ишлари бажарилиб, “Саноат” кўчасидаги носоз йўлларни таъмирлаш ва мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди.

Шу билан Биринчи кунги машғулотлар ўз ниҳоясига етди. Унда жами 816 нафар шахсий таркиб ва 40 та махсус техника қатнашди.

Уч кун давом этадиган ўқув машғулотларида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари – ёнғин, сел ва бошқа турли табиий ҳамда техноген офатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бундай вазиятларда барча тузилмаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалда синаб кўрилади.

 

Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар