Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » ЮРТ ОСОЙИШТАЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – МУҚАДДАС БУРЧ!

ЮРТ ОСОЙИШТАЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – МУҚАДДАС БУРЧ!

23 август 2021 йил
233
0

Мустақилликнинг сўнгги бир нeча йили ислоҳотларга анча бой бўлди. Ёшларга бўлган эътибор яна бир карра юқорилади. Президентимиз томонидан имзоланган биринчи қонун ҳам айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғриси”да эканлиги бeжиз эмас.

Бундай ёшлар орасида мустақиллик тенгдошлари – ҳаётга дадил қадамлар билан кириб навқирон авлод вакиллари ҳам бор. Ана шундай ёшлардан бири – Ином Аманов. У Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Арнасой тумани бўлими бошлиғи, капитан. Ҳали ёш бўлишига қарамай зиммасига масъулиятли вазифани олишдан чўчимаган юрт посбони.

 Ином, суҳбатимизни ўқиш давридан бошласакайтингчи, олий ўқув юртини ўқишни Сиз қандай хотиралар билан эслайсиз?

–  Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси барча йигитлар таълим олишни орзу қиладиган илм маскани. Академияда устозларимиздан олган билимларим бутун хизмат давомида асқотяпти. Қатъий тартиб интизом, иродали ва қатъиятли бўлиш, фавқулодда вазиятларда тезкор қарор қабул қила олиш каби фазилатларни шакллантиришда устозларимизнинг ўрни беқиёс. Ҳозир ҳам устозларим билан тез-тез гаплашиб тураман. Кўп масалаларда маслаҳат сўрайман. Ютуқларимни улар билан баҳам кўраман.

  Жуда масъулиятли касб эгасисиз. Ушбу касбни танлашингизга сабаб нима бўлган? 

–  Ёшлигимда маҳалламиздаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлган. Ўшанда жуда ёш бўлганлигим учун ёнғин жуда ваҳимали ва қўрқинчли туюлган. Энди у барча нарсани ютиб юборади, деган фикр ўтган, ҳаёлимдан. Шундай вазиятда бир чапдаст қутқарувчининг тезкор ҳаракатлари менга ҳақиқий қаҳрамонларни эслатган ва ушбу касбга муҳаббат уйғотган. У киши ҳозир ҳам ҳаёт, нафақада. Бундай инсонларнинг касбини давом эттираётганлигимдан фахрланаман.

–  Мустақиллик тенгдоши сифатида эришган муваффақиятларингиз ҳақида ҳикоя қилиб берсангиз.

–  Биласизми, ўқиш давомида спорт ва илмий изланишлар билан шуғулланганим хизмат фаолиятимда жуда қўл келган. Дастлаб, смена бошлиғи лавозимида иш бошлаб, ўнлаб ёнғинларни ўчиришда бевосита қатнашганман. Самарали хизматим раҳбарият томонидан юқори баҳоланиб, бир неча бор ташаккурнома ва пул мукофотлари билан тақдирландим. Қўл жанги билан мунтазам шуғулланганим боис, бир неча бор республика мусобақаларида совриндорлар сафидан ўрин эгалладим. Шунингдек, Туркияда икки ҳафталик малака ошириш курсида ҳам ўқиб, жаҳон тажрибасини ўз кўзим билан кўриш имкониятига эга бўлди. Бу саёҳат мен учун катта таассуротларга бой бўлди. Келгусида кўрганларим ва ўрганганларимни ҳаётга татбиқ этиш ниятим бор.

–  Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда самарали бартараф этиш мақсадида ҳозирда кўплаб тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этиляпти. Афсуски, ёнғин ва фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар ҳамон қайд этилмоқда. Мутахассис сифатида бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

 –  Бу масала менинг хизмат фаолиятимнинг асосини ташкил этганлиги учун бу ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламан. Инновацион технологиялар ривож топаётган ҳозирги даврда инсоният хавфсизлигини таъминлаш тобора мураккаблашиб бормоқда. Чунки, технология билан биргаликда хавф-хатарлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Шуни унутмаслик лозимки, ҳеч биримиз фавқулодда вазиятлардан тўлиқ муҳофаза этилмаганмиз. Шу сабабли, хавфсизлик қоидаларини ёшликдан ўргатиш, фарзандларимизни сузишга ўргатиш, доимо спорт билан шуғулланишини таъминлаш, хавфли вазиятларда тўғри ҳаракат қилишни ўргатиш лозим, деб ҳисоблайман. Ана шунда фавқулодда вазиятларда инсонларнинг жабрланиши сони кескин камайган бўларди.

–  Айтингчи, ҳарбий хизматчи учун иш ва оилани мувозанатда ушлаб туриш қай даражада осон?

–  Ҳар бир ҳарбий хизматчи учун оила ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ишда хотиржам ва шижоат билан хизмат қилиш учун оила тўкис бўлиши лозим. Шу сабабли, имкон қадар оиламга кўпроқ эътибор қаратишга, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. Бўш вақтимни оилам даврасида, қизимни қучоғимга олиб ўтказишни яхши кўраман. Эзгу ниятларимдан бири ҳам фарзандимни келажакда ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш.

Иш ва оилани бир мувозанатда сақлаш, албатта, мушкул. Бунинг учун анчагина тажриба ҳам керак, назаримда. Ишдаги турли ташвиш ва муаммоларни уйга олиб бормасликка, оила аъзоларим билан самимий мулоқот қилишга ҳаракат қиламан.

 –  Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Суҳбатни Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати

етакчи мутахассиси Мирвоҳид Акрамов олиб борди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар