Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Арнасойда ёш ватанпарварлар мусобақаси ўтказилди

Арнасойда ёш ватанпарварлар мусобақаси ўтказилди

11 март 2022 йил
284
0

Арнасой туман Мудофаа ишлари бўлими, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи туман бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти туман бўлими ва туман Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида 10-11 синфдаги ўқувчи ёшлар ўртасида ватанпарварлар ҳарбий спорт мусобақаси ўтказилди. 

Мазкур мусобақада разведкачиларнинг тўсиқли йўлагини енгиш, гранатани габаритга тушириш, нишонларга қарата пневматик милтиқдан ўқ узиш ва яна бир қанча синовларга бой бўлган янгича ҳарбий мусобақанинг тумандаги илк ғолиблари аниқланди. 

Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросига бағишланган мазкур мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, спортга қизиқишини орттириш ҳамда катта ҳаётга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

Мусобақани Арнасой туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Исломов Жавлонбек Тўймуродович очиб берди ва беллашув иштирокчиларини қутлади. 

“Сизлар бизнинг ҳам фарзандимиз. Шу сафда турган ҳар бир  ўғил-қиз қўмондоннинг фарзанди. Биз сизларнинг спорт йўналишида, жумладан ҳарбий эстафеталарда иштирок этишларингиз учун қўлимиздан келганча ҳамма шароит яратамиз”, – деди подполковник Жавлонбек Исломов.

Шунингдек, қўмондон ўз нутқида келгусида мазкур ҳарбий спорт мусобақани ҳар йили ўтказишга ваъда берди.  

Арнасой туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг майдонида ҳудудида жойлашган мини-полигонда қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган эстафета ёшларнинг жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. 

Мусобақа шартига кўра иштирокчилар разведкачиларнинг тўсиқли йўлагидан ўтиб, БТР-80 қуролининг мўлжалга олиш оптик мосламасини нишонга тўғрилаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиши ҳамда ўқдонни ўқ дорилар билан тўлдириши, гранатани белгиланган жойга тушириши, пневматик милтиқдан мерганлик маҳоратини синовдан ўтказиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситаларини кийиши, шартли ярадорга тиббий ёрдам кўрсатиши ва радиоалоқани ишга ҳозирлаши зарур эди. 

Ҳар бир жамоадан 3 нафар ўғил ва 3 нафар қиз болалар қатнашган баҳслар давомида иштирокчиларнинг ғалабага бўлган ишончи охирги дақиқаларгача сезилиб турди. Барча меъёрларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида тўсиқлар олдида ҳарбий хизматчилар назоратни амалга оширди. 

Якуний натижаларга кўра тумандаги 20-ИДУМнинг ўқувчилари ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни 6-мактаб ўқувчилари ва учинчи ўрин 8-мактаб жамоасига насиб этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

 

Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар