Брокколи карами – карамдошлар оиласига мансуб, бир йиллик ўсимлик бўлиб, гулкарамнинг ўзгарган тури ҳисобланади. Унинг ватани Жанубий Италия бўлиб, қадимги Римда 2 минг йил олдин ҳам етиштирилган.
Кейинги йилларда мамлакатимиз деҳқон миришкорлари ҳам ушбу ноёб карам турини маҳаллий иқлим шароитида етиштиришнинг уддасидан чиқишмоқда. Жумладан, “Агробанк” АТБ Арнасой филиали ташаббуси билан “Ғ.Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида 20 нафар фуқарога тарқатиб берилган 10 гектар майдонда тажриба асосида брокколи карами экиб етиштирилмоқда.
Арнасой тумани Й.Зоҳидов СИУдаги "Шерзод илғор агро" фермер ҳўжалигида экилаётган брокколи карамининг экиш жараёнлари олдидан туман ҳокими Одил Мусанов томонидан семинар ташкил этилди. Мазкур семинарда қишлоқ хўжалиги ҳодимлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, нуронийлар иштирок этишди.
— Бугун маҳалла ёшлари ҳар бири 50 сотихдан ер майдонига эга бўлиб, деҳқончиликни бошлаб юборишган,-дейди “Агробанк” АТБ Арнасой филиали Марат Умиров — Айни кунда бу ишда буюртмачи агрегатор, яъни ҳудуддаги лидер тадбиркорлардан бири “ONE GREAT SERVIS” МЧЖ зиммасига томорқа эгаларига зарур уруғлик, ниҳол кўчатлари, минерал ўғит етказиб бериш масъулияти юкланган.
Бугун бошланган саъй-ҳаракатнинг моддий манфаатдорлик жиҳати шундаки, томорқачи ёшлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларни даромадини ошириш мақсадида ташаббус кўрсатиб, 70 кунлик меҳнатдан сўнг баракали ҳосил етиштириш ва ҳар гектаридан 100 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконига эга бўладилар.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати