Арнасой туманида “Динара” тантаналар саройида 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Арнасой туман ҳокими ўринбосари Шавкат Кенжабоев ва туман ҳокими маслаҳатчиси Абдухалил Қаршиевлар соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга қаратилаётган эътиборга тўхталди.
Шу боис тадбирда фахрий мадания ходимлари ҳам иштирок этиб, соҳада фаолият юритаётган бир гуруҳ маданият ходимлари ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Айниқса, жорий йилда ушбу байрамнинг “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида ўтказилиши ҳар бир ижодкор қалбида ғурур ва ифтихор туйғусини пайдо этади. Маданият ва санъат ходимлари ҳақида сўз юритилганда, энг аввало, бетакрор меҳнати билан халқимизнинг руҳий дунёсини бойитиб келаётган машаққатли ва шарафли касб эгалари кўз олдимизга келади, – дейди маданият ходими Абдувосит Зоидов. – Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларига қулай шарт-шароит яратишга ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, аҳолининг маданий дам олишларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Дарҳақиқат, маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш Президентимиз эътиборида турган аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” ги Қонунининг қабул қилиниши, шаҳар ва туман марказларида замонавий амфитеатр, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ишга туширилиши, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятига қаратилаётган эътибор, иқтидорли ёшларнинг “Ниҳол” ва Зулфия номидаги Давлат мукофотлари билан тақдирланиши, “Маданият ва санъат фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилиши бунинг яққол исботидир.
Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати