Арнасойда Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали туман байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда туман тиббиёт ходимлари ва фахрийлар иштирок этдилар.
Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олишга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай ишларда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг меҳнати беқиёс. Байрам тадбирида бу эътироф этилди.
Инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга ўзини бағишлаган туман тиббиёт ходимларини байрам билан қутлаш учун сўз олган Арнасой туман ҳокими Хуршид Алимарданов тиббиёт соҳаси ва шифокорларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти нақадар муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Туманда сўнгги йилларда бу соҳанинг жадал ривожланиб бораётгани, эришилаётган натижалар ва янги марралар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбирда туманда ижтимоий ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг жорий этишга ва тиббий маданиятни оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт соҳаси ходимларининг катта гуруҳи вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва совғалари билан тақдирландилар.
Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати