Хабарингиз бор 2022 йил 20 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида Фориш туман “Эгизбулоқ” маҳалласининг тоғ ҳудудидаги 5 та сойдан оққан сел сувлари қўшилиб, кучли сел оқимини юзага келтириб, маҳалладаги аҳоли хонадонлари, уй-жойлар, ёрдамчи бинолар, савдо ва маиший хизмат объектлари, табиий газ тармоқларига зарар етказди. Маҳалла ҳудудидаги ички йўллар оқизиқлар, қум, тош-шағал билан тўлиб, транспорт қатнови тўхтаб қолди.
Айни пайтда “Эгизбулоқ” маҳалласида сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда фавқулотда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари, ҳарбий хизматчилар, вилоят ва туман корхона, ташкилот, муассасалари ходимлари, кўнгилли ёрдамчилар иштирок этишмоқда.
Кучли ёғингарчилик натижасида юзага келган сел оқибатида талофат кўрган Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалласи аҳолисига Арнасой туманидан озиқ-овқат, кийим-кечак, қурилиш материаллари, кўрпа-тўшак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилди.
Ушбу маҳсулотлар Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалласидаги 15-умумтаълим мактабига тўпланиб, пешма-пеш селдан зарар кўрган аҳоли хонадонларига тарқатилмоқда.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати