АРНАСОЙ ТУМАН ҲОКИМИНИНГ ТУМАН АҲЛИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
Азиз юртдошлар!
Жаннатмонанд диёримизга янги – 2021 йил кириб келди. Шу муносабат билан туманимизда истиқомат қилаётган пиру бадавалат отахон ва онахонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, навқирон ёшлар-у жажжи кичикинтойларимизни, барча-барчани Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Аввало, барчангизни эзгу ниятлар, порлоқ умидлар бахш этиб кириб келаётган янги – 2021 йил билан самимий қутлайман.
Янги йил – қалбларга кўтаринки кайфият, қувонч чироқларини ёқадиган, хонадонларга хурсандчилик ва қут барака сўраладиган, тарихга айланган ўтган йил давомидаги фаолиятимиз яна бир бор сарҳисоб қилинадиган ва шу асосда, келажак орзуларимиз ва режаларимиз белгилаб олинадиган ва энг муҳими оилавий дастурхон атрофида яқинларимиз жам бўладиган байрам сифатида биз учун қадрли бўлиб қолган.
Якунига етган 2020 йил – юртимиз тарихида умумбашарий коронавирус пандемияси, бир қатор табиий офатлар туфайли юзага келган кўплаб ташвиш-у муаммолари билан бирга, ушбу улкан синовлар олдида халқимизнинг сабр-бардошини, жипслигини, меҳр-саховатини, бағрикенглигини, букилмас иродасини бутун дунёга намоён қилган йил сифатида ёдда қоладиган бўлди. Ушбу синов онларида арнасойлик тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, депутатларимиз, давлат ва хусусий муассасалар ходимлари ва албатта шифокорларимиз бир тан-у бир жон бўлиб, коронавирус пандемияси ва табиий офатлар оқибатларини бартараф қилишда, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини, ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда фидоийлик ва ватанпарварлик намуналарини кўрсатдилар. Бугунги байрам шукуҳи ҳукмрон кунларда уларга чин юракдан миннатдорчилик билдириш барчамизнинг инсоний бурчимиз, деб ҳисоблайман.
Гарчи, коронавирус пандемияси 2020 йил давомидаги туманимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш режаларига бир оз ўзгартишлар киритилишига сабаб бўлган бўлса-да, туманга инвестицияларни жалб этиш, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига имтиёзли кредитлар бериш, ҳар бир оилани тадбиркор сифатида шакллантириш ҳамда кам таъминланганлик тоифасидан чиқариш, аҳолини табиий газ, ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш сифатини яхшилаш, таълим соҳасидаги ислоҳотларни кенг қулоч ёйдириш ва бошқа шу каби кўплаб йўналишларда белгилаб олган вазифалар ижросини таъминлашимизда тўсқинлик қила олмади.
Олдимизга қўйилган мазкур вазифалар ижроси бўйича туманимизда 2020 йил мобайнида 5 млрд. 800 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, шундан 26 та ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга 242 млн. 100 минг сўм кредитлар берилди.
Ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш йўли билан умумий қиймати 23 млрд.700 млн. сўмлик 10 та лойиҳа ишга туширилди. Фақат ушбу лойиҳалар эвазига 740 та янги иш ўринлари яратилди.
Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар жорий йилда 192 тадан ортиқ янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ҳисобига, 2019 йилга нисбатан бу соҳани 2 бараварга ошириш имконини берди.
Барчамизга маълумки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда, бугунги кунда туманда фаолият юритаётган ушбу корхоналар сони 7 тага етди.
Аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида туман марказида ҳозирги кун талабига жавоб берадиган замонавий типда давлат хизматлари агентлигининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди, шунингдек туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими учун алоҳида бино замонавий услубда қурилди.
Жорий йилда туманда 11,2 км ичимлик сув тармоқлари, 8 км электр тармоқлари ва 6 та трансформатор реконструкция қилинди, 2,1 км газ тармоқлари ва 3 та газ тақсимлаш пунктлари, 6,1 км йўллар таъмирланди.
Ҳудуддаги 9 та ижтимоий соҳа объектларида, шу жумладан, 5 та мактаб, 2 та мактабгача таълим, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Тумандаги мавжуд 4 та сектор (ҳоким, прокурор, ИИБ, ДСИ) раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг фаровонлигини таъминлаш, уларга шарт-шароитлар яратиш борасида белгиланган чора-тадбирлар асосида ишни ташкил қилиб келмоқдалар ва ҳар бир сектор раҳбари ўзлари раҳбарлигида ҳудуд (сектор)лардаги, яъни “Темир дафтар”,“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирган ҳар бир оиланинг яшаш шароитларини жойлардаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқиб, имкониятдан келиб чиққан ҳолда уларни иш билан таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, шунингдек уларни тадбиркорликка жалб қилиш эвазига камбағалликдан чиқариш борасида барча ташкилий чораларни кўрмоқдалар.
Туман ҳокимлигининг саъй ҳаракати билан туманга вилоят марказидан ташриф буюрган малакали, тажрибали тиббиёт ходимлари туман марказидан анча олисда жойлашган “Чўлқувар” ва “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга тегишли тавсия ва муолажалар кўрсатишди, шунингдек тиббий гуруҳ мутахассислари томонидан бемор, деб топилган айрим фуқароларга даволанишлари учун вилоят марказида жойлашган тиббий муассасаларга имтиёзли йўлланмалар тақдим этилди. Туман марказий табобатхонаси томонидан туманда истиқомат қилувчи ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, шунингдек туғиш ёшидаги аёллар тўлиқ бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
2020 йилда давлатга 55 тонна пилла, 26 809 тонна ғалла топширилди, шунингдек 20991 тонна пахта ҳосили йиғиб олиниб, йиллик шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.
Бу шунчаки қуруқ рақамлар эмас. Улар замирида юзлаб, минглаб арнсаойликликлар қалб қўри билан қилинган меҳнати натижалари, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва энг муҳими, бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига катта ишонч билан қараётган халқимизнинг азму шижоати турибди.
Азиз ва қадрли дўстлар!
Президентимиз ташаббуси билан 2021 йил “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва саломатликни мустаҳкамлаш йили” деб номланди. Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу вазифаларни адо этишда барчангизга куч ғайрат тилайман!
Бугун тарих зарварақларидан яна бир саҳифа очилаётган кунда сизларни Янги йил байрами билан муборакбод этишдан бахтиёрман.
Янги-2021 йилнинг қадами жонажон Ватанимизга қутлуғ ва баракали келсин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
Туман ҳокими Х.Алимарданов