Арнасойлик ўсмир ёшлар Ганбол бўйича вилоят кубогида биринчиликни қўлга киритди
Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб Фармон ва Қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Чунки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди.
Албатта, энг чекка ҳудудлардан ҳам иқтидорли болаларни танлаб олиб, уларни профессионал ёндашувлар асосида тарбиялаш бу соҳани янада ривожлантириш, янги чемпионларни кашф қилиш орқали халқаро ареналарда Ўзбекистон байроғини янада баландроқ кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 2-3 феврал кунлари Арнасой тумани Спорт мактабида 14 ёшли ўсмирлар ёшлар ҳамда қизлар ўртасида спортнинг (гандбол) қўл тўпи бўйича вилоят кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада Жиззах вилоятнинг барча туманларидан келган ўсмирлар ёшлар ўртасида 10 та қизлар ўртасида ҳам 10 та жамоалар иштирок этди. Мусобақага келган иштирокчи жамоалар ғолиблик учун қизғин бахс олиб боришди.
Шунингдек, мусобақа якунида 1-ўрин Арнасой туман ёшларига, 2-ўрин Жиззах вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби ёшларига ва 3-ўрин Бахмал туман ёшларига насиб қилди.
Мазкур мусобақанинг қизлар баҳсида эса 1-ўринни Жиззах вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби қизлар жамоаси, 2-ўринни Арнасой туман қизлар жамоаси, 3-ўрин Дўстлик тумани қизлар жамоаси қўлга киритишди.
Мусобақада ғолиб бўлган жамоалар Жиззах вилояти Спорт бошқармаси ҳамда Арнасой тумани Спорт мактаби томонидан эсдалик совғалари, диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди.
Фахрли биринчи ўринни олган Арнасойлик ёшлар 13-19-феврал кунлари Наманган вилоятида бўлиб ўтадиган “У-14 ЎЗБЕКИСТОН” кубоги мусобақасида Жиззах вилояти жамоаси шарафини ҳимоя қилишади.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати