Арнасойда ижтимоий соҳа объектларида иситиш тизимлари назорат қилинмоқда
Арнасой тумани ҳокимлиги, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, “Arnasoytumangaz” газ таъминоти бўлими ходимлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳамкорлигида қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан профилактик тардбирлар ўтказилмоқда.
Тумандаги корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли яшаш хонадонларида қиш мавсумига тайёргарлик ишларини қай даража ташкил қилинганлиги борасида жойларда назорат ишлари олиб борилмоқда.
– Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад – совуқ об-ҳаво шароитида содир бўлиши мумкин бўлган турли фавқулодда ҳолат ва ҳодисаларни олдини олиш, юзага келган муаммоларни жойида бартараф этиш, аҳоли, ишчи, хизматчи ва ходимларнинг хавфсиз ишлашини таъминлашдан иборат, – дейди Арнасой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи капитан Иномжон Аманов. – Ходимларимиз газ, электр тармоқлари корхоналари мутахассислари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан биргаликда ҳар бир маҳалла, корхона, ташкилот, муассаса ва аҳоли хонадонларида бўлиб, қиш мавсумини беталофат ўтказиш юзасидан профилактик назорат ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу тадбирларимиз давомида жойларда ўрнатилган турли қўлбола печлар, ностандарт иситиш электор ускуналаридан фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, ис гази ва кўмир ёқилгисидан захарланишнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, турли фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда биринчи галда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан профилактик суҳбатлар, маърузалар, учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Соҳамиз ходимларининг асосий эзгу мақсади эса фуқароларимиз қишни турли фавқулодда ҳодисаларсиз, ёнғинларсиз, беталофат, бешикаст ва хавфсиз ўтказишларини таъминлашдир.
Арнасой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати