Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Таълим тизимида ижобий ўзгаришлар

Таълим тизимида ижобий ўзгаришлар

28 апрель 2023 йил
165
0

Жамиятимизда ўта масъулият, меҳнат ва фидойилик талаб этадиган касблардан бири ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим орқали ўз йўлини топади. Инсон йўқки, устоз-муаллим сабоғисиз камолга эришган бўлса!  

Президентимиз томонидан яқинда педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун имзоланди. Ўқитувчилик касбининг мақомини юксалтиришга қаратилган ушбу қонун нафақат шу соҳада фаолият юритадиган одамларни, балки фарзандлари тақдирига, қолаверса, ўз юрти келажагига бефарқ бўлмаган ҳамюртларимизни ҳам қувонтирди. Кенг жамоатчилик, халқимиз ушбу қонун бежизга қабул қилинмаганлигини, бунинг замирида давлатимиз истиқболи, мамлакатимизнинг дунёдаги нуфузи масаласи турганлигини жуда яхши ҳис қилиб турибди.  

Ҳақиқатан ҳам мамлакат суянчи ва таянчи бўлган ёш авлодга илм-фан, маънавият зиёсини улашишда педагогларнинг миллатни маърифатли қилишдай улуғвор меҳнатлари ўз қадрини топа бошлади. Бунга бирданига эришилгани йўқ. Яқин-яқингача аввалги даврлардан мерос қолган мажбурий меҳнат авжига чиққан эди. Ўқитувчилару ўқувчилар пахта йиғим-теримига ва бошқа мавсумий ишларга, айрим ҳолларда, ҳатто, кўча супуришгача жалб қилинар, бундай тутум натижасида таълим соҳаси жар ёқасига келиб қолган эди.  

Хайриятки, бугунги кунда юртимизда ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўсини тиклаш учун расмана ҳаракатлар бошланди. Президентимиз фаолиятининг илк йилларида мактаб ва таълим ҳақида сўзлар экан, илгари ўқитувчи келаётган бўлса, бошқалар ҳурмати учун четга ўтиб турганлигини таъкидлаган, аввало, жамиятнинг қараши муаллимга нисбатан эзгу бўлиши кераклигини уқтирган эди.  

Ўқитувчиларнинг мавқеини мустаҳкамлаш мамлакат таълим тизимида ижобий ўзгаришларга, тараққиёт даражасининг ошишига олиб келишини чуқур англаганлиги давлатимиз раҳбарини ушбу ҳаракатларга ундаганлиги рост. Ана шу оддий ҳақиқат тушуниб етилганлиги боис кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  

Бундай эзгу мақсадли ғамхўрлик қандай ўзгаришларга олиб келиши ҳақида мулоҳаза юритадиган бўлсак, Биринчидан, таълим сифати ошади. Агар ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ва ҳурмати юқори бўлса, уларнинг ўз ишига рағбати, фидойилиги ва садоқати юқори бўлади. Бу ўқувчиларга берилаётган таълим сифатининг ошишига олиб келади.

Иккинчидан, жамиятда ўқитувчилик касбини танловчилар сони ортади. Одамларнинг ушбу касбга қизиқиши кучайиб, таълим соҳасида ишлашга тайёр юқори малакали ва иқтидорли педагоглар кўпаяди. 

Учинчидан, ўқитувчи мавқеининг юқорилиги ушбу касбнинг ижтимоий нуфузини оширади. Бу одамларнинг таълимга бўлган муносабатини ўзгартиришга, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратишга ёрдам беради.

Тўртинчидан, жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ривожланади. Мақоми баланд ўқитувчилар жамият аъзоларининг, бутун халқнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиради.

Дунё мамлакатлари орасида халқининг ўртача интеллектуал даражаси юқори кўрсаткичларга етган Япония, Германия, Исроил, Сингапур, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлар борки, бунга улар фақат ва фақат таълим тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ўқитувчилар мавқеини ошириш орқали эришганлар.  

Дунёнинг ривожланган давлатлари тарихига назар ташласак, уларда барча ислоҳотлар боғча ва мактабдан, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Ўтган аср бошида жадид боболаримиз шунинг учун ҳам мактаб масаласини энг биринчи ўринга қўйган эдилар. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир», деган сўзларида қанчалик теран маъно борлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.  

Юртимизда ўқитувчилар мавқеини оширишга кўплаб ҳаракатлар бўлди. Аммо фақат бугунги дориламон кунларга келиб, бунга эриша олдик. Бундан кўзланган бош муддао — таълим сифати, илмнинг самараси орқали Ўзбекистон халқининг интеллектуал салоҳиятини кўтариш ва алалоқибат юртимиз равнақи, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини оширишдир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида биз, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.  

 

Наргиза АЛИМОВА

Арнасой тумани 20-сонли умумтаълим

мактаби бошланғич синф ўқитувчиси

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар