Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш юзасидан янги фармон қабул қилинди

Ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш юзасидан янги фармон қабул қилинди

13 апрель 2023 йил
162
0

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ФАРМОН (2023 йил 13 апрель) имзоланди.

 

Унга кўра, жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш мақсади назарда тутилган.

Ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

-банкларга ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилди. Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олиш орқали аниқланади;

- банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаро арзонроқ кредит олиш имконига эга;

- субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Бунда, фуқаро 4 ойда сертификатдан фойдалана олмаса, у субсидияга қайта ариза топшириши мумкин;

- Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Халқпарвар комиссияларининг хулосасига асосан хато ажратилган субсидия сертификатларини тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди;

Қурилиш ташкилотлари учун имтиёзлар:

- қурилиш ташкилотларига кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун 18 ойгача муддатга 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.

- пудрат ташкилотларига қурилаётган уй-жойларни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар битта қават учун кредит олиш ҳуқуқи берилди.
(Ҳозирги кунга қадар уй томи ёпилганидан кейин уни гаровга қўйиш ва кредит олиш мумкин эди;)

- банклар ўз ҳисобидан берадиган кредитларини давлат томонидан қайта молиялаштириш амалиётини давом эттирилади. Бунда, қуриб битказилмаган уйни сотиб олиш учун фуқаро банкдан 24-26 фоиздан кредит олади ва уй битгунига қадар (1-2 йил давомида) тўловларни ушбу фоиздан амалга оширади. Уй битганидан кейин ушбу кредит давлат томонидан қайта молиялаштирилиб, 18 фоизлик кредитга айланади.

- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби узайтирилди. Бунда, компенсация – ҳар бир уй-жой учун кредитнинг 5 млрд сўмидан, кафиллик – 2,5 млрд сўмидан ошмаган миқдорига берилади.

- 2025 йил 1 январга қадар юқори маркали цемент, арраланадиган ёғоч, фанера, тахтадан ясалган опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божининг “0” ставкаси қўлланилади.

“Янги Ўзбекистон” ва бошқа давлат дастурлари доирасида қурилган массивларнинг бўш ерларида кўп қаватли уй-жойлар қуришни давом эттириш ва 2023 йилда қуриш ҳажмларини 90 мингтага етказиш таклиф этилмоқда. Бунда:

- 38 та “Янги Ўзбекистон” массивларида 31 мингта, бошқа давлат дастурларидаги массивларда 8 мингта, хусусий пудрат ташкилотлари ҳисобидан 51 мингта квартиралар қурилиши белгиланмоқда;

- “Янги Ўзбекистон” массивларини кенгайтириш ҳамда 9 та янги массивларни ташкил қилиш учун 140 га қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифаси ўзгартирилмоқда ва ҳокимлар зиммасига ажратиладиган ерларнинг 5 баравари миқдорида янги ерларни ўзлаштириш вазифаси юкланмоқда;

- массивларнинг ички йўлларини қуриш Автомобиль йўллари қўмитаси зиммасига юкланмоқда;

- темир-бетон корхоналарида замонавий лабораториялар ташкил этилиши ва бунинг учун “Саноат қурилиш банк” АТБ томонидан 10 млн долл кредит линияси ажратилиши белгиланмоқда;

- Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, қурилиш, адлия, иқтисодиёт ва молия идоралари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан “Реновация тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланмоқда;

- ҳудудларда сув, оқова, электр, газ, йўл инфратузилмасини яхшилашга инвестор-девелоперларни жалб қилиш, шунингдек, сейсмик хавфсизлик ва қурилишда назоратни кучайтириш бўйича алоҳида қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар