Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Тараққиётга таҳдид

Тараққиётга таҳдид

07 февраль 2023 йил
38
0

Янги технологияларни террорчилар ҳам фаол ўзлаштирмоқда

“Террорчилар, экстремистлар энг янги технологияларни фаол ўзлаштириб олмоқда”. Бу фикр яқинда БМТ Террорчиликка қарши кураш бўйича глобал мувофиқлаштириш шартномаси кенгаши йи-илишида янгради.

- Глобал миқёсда инсониятга кулфат келтиришда давом этаётган террор диний, маданий  ёки миллий мансублигидан қатъи назар, сайёрамиз аҳли ҳаётига хавф солмоқда, - деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. - Шу боис айни пайт халқаро аксил террор идоралари фаолияти ҳар қачонгидан муҳим.

Террор инсон ҳуқуқи билан ҳисоблашмайди

Террор қашшоқликни бартараф қилиш саъй-ҳаракатини қийинлаштиради, барқарор сиёсий ва иқтисодий тизим яратиш, иқлим фожеасига қарши курашни кучайтиришга  тўсқинлик қилади. Масалан, даҳшатли йўқсиллик ва очарчиликни бошдан кечираётган Африканинг Соҳил ва бошқа минтақаларида террор авж олган. Кенгроқ маънода терроризм умумий қадриятларга, институтлар, қонунлар ва стандартларга жиддий зарба беради.

- Шу сабабли “дунё кун тартибида” террорга ўрин бўлмаган янада тинч, барқарор жамиятни қуриш учун яхлит ва кенг қамровли ёндашувга эътибор қаратишимиз керак, - қўшимча қилди Бош котиб.

Унинг таъкидлашича, террор инсон ҳуқуқини инкор этади ва йўқ қилади. Демак, халқаро ҳамжамият ушбу офатга қарши курашаётганда бошқа инсонлар ҳуқуқини инобатга олмаса ёки инкор этса, бирор муваффақиятга эришиб бўлмайди.

- Терроризмга қарши кураш ҳеч қачон инсон ҳуқуқини инкор этиш учун баҳона бўлмаслиги керак, – дейди Гутерриш.

Террор ва технология

БМТ Бош котибининг терроризмга қарши кураш масаласи бўйича ўринбосари Владимир Воронков таъкидлашича,  террорчи ташкилотларнинг турли минтақаларда ҳаракатланаётган бўлимлари ўз режасини амалга ошириш учун глобал вазият билан боғлиқ ҳозирги беқарорлик ва  мўртликдан фойдаланмоқда. Масалан, террорчилар Африка қитиъасининг бир неча мамлакатида йирик ҳудудларни назорат қилмоқда. Бундай таҳдиднинг олдини олиш учун  тезкор ва кескин чора кўриш зарур.

 - Ксенофобия, ирқчилик ва  муросасизликнинг бошқа кўринишларига, дин ёки эътиқодга асосланган террор хуружи сони ҳам ортиб бораётганига гувоҳмиз, - дея давом эттиради фикрини Воронков. - Тўғри, мудом ривожланишда бўлган технологиялар террорга қарши кураш учун янги-янги воситаларни таклиф этмоқда. Бинобарин, ушбу қурилмаларни экстремистлар ҳам фаол ўзлаштирмоқда. Бунга учувчисиз бошқариладиган авиация тизими, яъни дронлар яққол мисол. Демак, айни таҳдидга янада самарали жавоб топишимиз лозим.

Дронларнинг парвоз масофаси, юк кўтариш имконияти ошиши жангариларга портловчи моддаларни манзилга элтишда фойдаланиладиган қўл бола ўзи учар қурилмалар қўллаш имконини бермоқда. Улар дрон ёрдамида ҳарбий объект устидан кузатув олиб боради, тарғибот мақсадида, тинч аҳоли орасида қўрқув уйғотиш учун роликлар суратга олади.

Маълумки, интернет технологик чегарани ҳар куни том маънода кенгайтириб боряпти. Сунъий интеллект, блокчейн, қўшимча ишлаб чиқариш ва биологик технология каби инновация воситалари ҳаётимизга жадал кириб келмоқда, инсоният тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга технологик ютуқлар террорчилар фаолиятига ҳам қўл келаётгани бор гап. Террорчилар ижтимоий тармоқдан, кодланган хабар ёки “даркнет”дан фойдаланиб, ўз мафкурасини тарқатиш, маблағ йиғиш ва ўтказиш, ёшларни радикаллаштириш ҳамда янги тарафдорларни жалб қилиш, террор ҳужумини мувофиқлаштириш билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари улар ўз ғояларини имкон қадар тез ва кенг ёйиш учун ижтимоий медиа алгоритмидан фойдаланмоқда. Экспертлар таъкидлашича, бугунги кунда террорчи гуруҳлар ҳар қачонгидан яхши жиҳозланган, мувофиқлаштирилган ва қатъиятли. Террорчилар биологик қурол яратиш учун гиёҳванд моддалардан фойдаланишга уринаётгани ҳақида далиллар мавжуд. Улар кимёвий, биологик ёки радиологик материал етказиб бериш учун дронни ишга солиши мумкинлигини ҳисобга олсак, юқорида хавотир билан тилга олинган муаммонинг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас.

Қизил кўзли терминатор

“Рақамли таҳдид” борасида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон БМТ Бош Ассамблеясида чиқиш қилиб, технологик инқилоб инсоният фаровонлиги учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлаганди. Шунинг баробарида, у кишилар шахсий ҳаётини бошқалардан ихоталаши мумкин, лекин “Google”дан яшира олмайди, деган эди.

Хулоса ўрнида Жонсоннинг яна бир гапини келтириш ўринли:

“Интернет босма нашр пайдо бўлган даврдан кейинги энг улкан ихтиро сифатида кўпчиликни шошириб қўйди. Шундай экан, ҳақли савол туғилади: сунъий интеллект ҳаётимизни фаровонлаштирувчи воситага айланадими ёки инсониятни йўқ қиладиган “қизил кўзли терминатор”га? Ҳамма гап шунда!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар