Муносабат
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада Арнасой туманидаги шифохона совуқлиги, ҳамширалар курткада, пальтода юрганлиги айтиб, иссиқлик тизими ишламаётганлиги юзасидан эътироз билдирган.
Ушбу тарқалган хабар бўйича Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ўрганиш ишларини олиб борди.
Маълум бўлишича, “Arnasoytumangaz” газ таъминоти бўлими 2023 йил 11-январ куни кеч соат 22:15 лар атрофида ҳавонинг кескин совиши натижасида туман марказига келаётган юқори босимли ер усти газ қувурида авария ҳолати юзага келганлиги сабабли табиий газ берилиши вақтинчалик тўхтатилган вақтда Арнасой туман Тиббиёт бирлашмасида ҳам табиий газ ўчирилган. Шу боис иссиқлик тизимидаги сувлар музлаб қолмаслиги учун масъул ходимлар томонидан тўкиб ташланган.
Бу ҳолат 12 январ куни кеч соат 19:30дан 21:00 гача иккинчи бор газ ўчганида ҳам иссиқлик узатувчи қувурлардан сувлар қайтадан тўкиб ташланган бўлсада, тиббиёт бўлимининг бир қисмида иссиқлиқ тизими қувурларида қолиб кетган сувлар совуқ туфайли музлаб қолган.
Натижада туман тиббиёт бирлашмасидаги 2 та катта котёл совуқ туфайли музлаб қолган. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида 18 январ куни қолган ушбу котёллар ишлаши айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан 13 январдан буён Арнасой туман ҳокими ва сектор раҳбарлари биргаликда беморларга қулай шароит яратиш учун туман тиббиёт бирлашмасидаги иссиқлик тизимидаги ҳолатни бартараф этиш чораларни кўрмоқда.
Ҳозирда Арнасой туман тиббиёт бирлашмасида иссиқлик тизими қувурларида тамирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Арнасой туман ҳокимилиги Ахборот хизмати