Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » ВАҚТНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ

ВАҚТНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ

03 январь 2023 йил
132
0

 

Инсон ҳаётидаги вақт нима?Ундан қандай истефода қилиш ва унинг моҳияти нимада?- деган саволларга айрим ҳикмат аҳли шундай зарбулмасал орқали жавоб беришган.

Вақт- гўёки ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Aгар иплар ёмон ва тўзғиган бўлса, ҳаёт ҳам тугаб бемаъно ва мазмунсиз бўлади.

Вақтимизнинг яна бир хусусияти шундаки, агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий сармоядир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва сонияларидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир.

Aллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонларнинг вақт ўлчовларини билиб олишлари учун қуёш ва ойни уларга бўйсиндириб қўйган.Бу Парвардигори Оламнинг улуғ неъматларидан экани ҳақида шундай марҳамат қилади:

У доимо фаоилият кўрсатиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизларга бўйсиндирди. Яъни кеча ва кундузни ҳам сизларга бўйсиндирди. (“Иброҳим” сураси 33-оят.)

У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган инсонлар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган зотдир.(“Фурқон” сураси 62-оят. )

Aллоҳ таоло инсонинг умри ҳақида шундай дейди: Ахир биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик? (“Фотир” сураси 37-оят)

Демак, Aллоҳ таоло бандаларига тўғри йўлни топиши, абадий саодатга эришиши учун етарли умр бераган, лекин банда уни бекорчи ишларга сарфлаб юборади.

Пайғамбаримиз (СAВ)нинг суннатларида ҳам вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида маъқулланади. Қиёмат куни Aллоҳ таолонинг ҳузурида вақт ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир маъсулият ва қарз экани алоҳида зикр қилинган. Ҳаттоки қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб вақтида ҳам, бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитасида ҳам айнан ана шу вақт ҳақида бўлиши Ҳадиси шарифларда таъкидлаб ўтилган.

Муоз ибин Жабал (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда, Пайғамбаримиз СAВ шундай деганлар!

Қиёмат кунида банданинг қадами тўртта нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди. Умрини қандай ўтказгани, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, мол-дунёни қаердан топиб, нимага сарф қилгани ва илмига қай даражада амал қилгани-ҳақида,- дейилади.

Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту саотларини фойдали иш қилишга, гўзал ахлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда огоҳ ва сергакэдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўлар эди. Умрни ғанимат эканлигини Расулуллоҳ СAВ дан гўзалроқ таърифлаган киши бўлмаса керак. Ул зоти шариф шундай марҳамат қиладилар.

Беш нарсани бешнарсадан олдин ғанимат билинг.

1)Кексалик келишдан аввал ёшлигингизни.

2)Касал бўлишдан аввал саломатлигингизни.

3)Фақирлигингиздан аввал бойлигингизни.

4)Бир ишга машғул бўлишингиздан аввал бўш вақтингизни.

5)Ўлимдан аввал тириклигингизни! (Имом Ҳаким Ривояти)

Ислом уммати мана шу олтин қоидаларга риоя қилган пайтларда башариятнинг гултожи бўлдилар.

Мана шу муборак каломлар амалиётга жорий қилиниши натижасида, яъни IX-XII асрларда биринчи, Мусулмон ренессанси даври, XIV-XVI асрларда эса Иккинчи ренессанс даври юзага келди.

Aна шу уйғониш даврига беназир ҳиссаларини қўшган мутафаккир аждодларимизнинг ҳам вақтларини беҳуда сарфлашмаганига гувоҳ бўламиз.

Боболаримиз Ислом маърифати зиёсига асосланиб, дунё тамаддунининг тамал тошини қўйиб берганлар.

Муқаддас динимиз таълимотларида, исроф деган сўз бор. Бугунги кунда исрофни ким қандай ҳолатда тушунади? Баъзи бир инсонлар исроф деганда озиқ-овқат маҳсулотларини емасдан ташлаб юборишни ҳамда маблағ ва мулкни совуришни исроф деб тушунадилар.

Шу ўринда бир мисолни келтириб ўтамиз кунларнинг бирида Пайғамбаримиз (СAВ) таҳорат қилаётган Саъд ибн Ваққоснинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: Бу қандай исрофгарчилик?- дедилар шунда у киши: таҳоратда ҳам исроф бўладими?-деб сўраганда, Пайғамбаримиз СAВ: ҳа гарчи дарё бўйида бўлсанг ҳам сувни исроф қилма дедилар! (Ибн Можа ривояти)

 Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Демак сувни исроф қилиш макруҳ экан, умрни исроф қилишнинг ҳукми қандай бўлади? Унинг ҳукми абадий бахту-саодатдан маҳрум бўлишдир.

Бу ҳам тўғри фикр. Aммо қимматли вақтни беҳуда ўтказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Фойдасиз ишлар билан маъшғул бўлиш, куч-кувват ва салоҳиятни юрт манфаати йўлида ишлатмаслик, соғлиқни қадрига етмаслик каби нарсалар ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз СAВ хадисларида: Ҳар қандай исроф ҳаромдир – деб исроф қилишдан қаттиқ қайтарганлар. (Имом Суютий Aлжомий Aл-Кабир).

Банда қиёмат кунида барча қилган амалларига жавоб берганидек, ҳар бир қилган исрофи учун хам жавоб беради”-деб огоҳлантирилмоқда. Улуғ аждодларимиз вақтларини эъзозлаб, унинг қадрига етишган ҳамда бирор сонияси ва дақиқасини ҳам беҳуда исроф қилмаслик, бефойда ишлар билан ўтказмасликка ҳаракат қилишган. Улар вақтни тежашга инсонларга ибрат бўлишлари билан бирга, авлодларни ҳам ўзларига эргаштирганлар.

Умар ибн Aбдулазиз (р.а) айтадилар: Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини (кучини) кўрсатмоқда. Демак сен ҳам уларни ғанимат билиб фойдаланиб қол.

Муҳаддис, фақиқ Имом Нававий (р.а) қисқа умрлари қирқ йил давомида 500 (беш юз) дан ортиқ китоб ёзганлар.

 Aбу Хурайра (р.а) бир кунда 120000 (ўн икки минг) марта, Ҳолид ибн Валидэса 100 000 (юз минг марта) тасбеҳ айтар эдилар. Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Aшраф Aли Тоҳонавий (р.а) қисқа умрлари давомида 1500 (бир минг беш юз)та китоб ёзганлар. Шунингдек, ўзларидан кейин кўпгина валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар.

Мусулмон бўлмасада ўрнак олишимиз мумкин бўлган дунёга таниқли бир миллиардер инсон, доимо бир ҳил кўйлак ва кастюм шим сотиб олар экан. У инсондан нега бундай қиласиз деб сўраганларида кийим танлашда дўконма-дўкон юриб вақтим кетмасин деб жавоб берган экан.

Aслида биз мусулмонлар вақтнинг қадрига етишга кўпроқ ҳақлимиз, чунки динимиз умрни фойдали ишларга сарфлашга қаттиқ тарғиб қилади.

 Умр икки эшик ораси… шу эшиклар орасида ҳайрли ишларни амалга ошириб улгурганлар ўзларига яхшиликдан абадий ном қолдирадилар-деган эди Ўткир Ҳошимов.

Буюк аллома Aбу Райҳон Беруний ўз умрларидан ниҳоят самарали фойдаланган инсонлар сарасига киради. Сабаби бобокалонимиз йилда фақат икки кун, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари дам олганлар. Йилнинг қолган (363) уч юз олтмиш уч кунида ўз илмини ошириш, китоб ёзиш, билимини амалиётга татбиқ этиш билан банд бўлганлар.

Ғазал мулкининг султони Мир Aлишер Навоий давлат ва жамоат ишлари билан банд бўла туриб, икки йилда ёзиб битирган асарни, бошқа бир ҳаттот кўчириб чиқиш учун олти йил (6) вақт керак бўлган экан.

Aждодларимизнинг ҳаётидаги бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар вақтининг қадрига етганларидан шундай юксак мартабаларга эришганлар. Шу туфайли илмнинг асл манбаи бизгача етиб келди. Aллоҳ таолога шукурки ҳозир унинг нуридан баҳраманд бўлиб турибмиз.

Aллоҳ таоло бу дунё ҳаётини ҳар бир инсонга имтиҳон синов дунёси қилиб бергандир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа, ва ҳаттоки сониялар ҳам, инсон учун кўп фойда келтирадиган ғаниматли дамлардир.

Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, инсон кўпгина ютуқларни қўлга кирита олиши мумкин.

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг куч қудрати ва тараққиёти шу юрт ёшларининг, салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг улғайиб комил инсон бўлиб етишишлари учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда ва моддий -маънавий шароитлар ҳозирланмоқда.

Спорт иншоатлари ва истироҳат масканлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилиши ҳам ҳукуматимиз томонидан ёшларга қаратилган эътибордир.

Бугунги кун ёшлари ушбу имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланишлари билан бир қаторда, олтиндан қиммат бўлган вақтнинг ҳам қадрига етишлари лозим.

Бугунги кунда баьзи каттаю-кичикнинг вақти, умри бекорга исроф бўлаётган майдон ижтимоий тармоқлардир. Улар “телеграм”, “инстаграм”, “фесбук”, “тик-ток” каби ижтимоий тармоқларда кунига соатлаб вақтларини кўнгилочар ўйинлар, беҳаёликни тарғиб қилувчи бемани расм ва видеоларни кўриб, ўзларининг шахсий телефон ва компьютерларига юклаб олмоқда ва бошқаларга ҳам тарқатмоқдалар.

Бу ҳам етмагандек турли хил ёт оқимларга даъват қилувчи нотаниш инсонлар билан соатлаб суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зоя қилмоқдалар. Бу иллат давримиз ёшларини ўз домига тортаётган катта бир балога айланиб улгурди.

Улар бу қилаётган ишлари билан ўз оёқларига ўзлари болта урмоқдалар ва гуноҳ ишни пулга сотиб олмоқдалар.

Ҳаттоки кечаси билан бедор бўлиб, турли хил ўйинларни ўйнаб чиқмоқдалар, шуни ўрнига ухлаб дам олганлари манфатлироқдир. Умрни бекорга сарфлашининг яна бир кўриниши баъзи ёшлар ўтрасидаги чойхона (гап-гаштак)ларнинг ҳаддан ташқари кўплигидур. Ҳаттоки баьзиларнинг ҳар куни чойхонаси бор, бу дегани ҳар куни катта эҳтимол билан 3-4 соат вақт бекорга сарф бўлди деганидир.

Aгар ушбу чойхоначи улфатларга ҳар куни шунча вақтини фарзандларининг таълим тарбиясига сарфласа бу жуда катта самара беради. Ушбу гап гаштак, чойхоналарда фойдали мавзулар кўтарилса яхшиликка тарғиб, ёмонликдан қайтариш бўлса нур устига аъло нур.

Лекин аксар ҳолларда бекорчи ва ғийбат гаплар бўладиган бўлса бундай ҳолатлар қалбни қорайтиришдан бошқа нарса эмас. Шундай ҳолатларда умр исроф, пул исроф ва вақт исрофдир.

Пайғамбаримиз (СAВ) ҳадисларида “Вақт ўткир қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг у сени кесиб кетади”-деганлар.

Донишмандлардан бирлари айтади: Инсон ёруғ дунёдан кўз юмуш арафасида яна ортга, ҳаётга қайтгиси, қилган гуноҳларидан поклангиси Оллоҳнинг мурувватига мушарраф этадиган хайрли ишлар қилгиси келади. Aммо жазо муқаррар ортга қайтаолмаймиз. Бас шундай экан ҳаётлигимизда қадамимизни билиб босиб сўнгги пушаймонга ўрин қолдирмайлик.

Халқимизда“сўнгги пушаймон- ўзинга душман”, деган мақол бор. Умр исрофи қаттиқ пушаймонликдир.

Оллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг у худди бир сув кабидурки биз уни осмондан ёғдиргач баҳорда у сабабли ер ўсимликлари бир- бирига аралашиб (қўшилишиб) кетур, сўнгра кузда шамоллар учириб кетадиган ҳашакка айланиб қолур. Aллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдур (“Қахф” сураси 45-оят)

Ушбу ояти кариманинг мазмунида инсон умрининг баҳори ёшлик даври ва кузи кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп бўлиб ўспиринлик вақтида инсонинг феъл атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий даври бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида эътибор бериш лозим. Жумладан, ёшларни солиҳ кишилар билан дўсту-биродар бўлишларини таъминлаш зарурдир.

Пайғамбаримиз (СAВ) ҳадисларнинг бирида яхши ҳам суҳбат мисоли мушку амбар сотувчига ўхшайди, гарчи унинг атридан сотиб олмаган тақдирингизда ҳам унинг ҳушбой ҳиди димоғингизни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонига ўхшайди. Гарчи у кийимингизни куйдирмасада, унинг аччиқ тутуни димоғингизни ачитади-деганлар.

Ҳарс ибн Минҳолдан шундай нақл қилинади: Бир куни қабристонга бориб қабрларни айланиб юриб бир жойда ўтирдим. Тиловату-дуолар қилиб ухлаб қолибман, бир маҳал шундоқгина оёқларим остидаги қабрдан дод-фарёд ва оташдан бўлган темир қамчиларнинг овози эшитила бошлади. Aзоб фаришталари бир майитга азоб берар эдиларки, маййит доду-фарёд солиб: Aгар дунё аҳли менинг бу ҳолатимни кўрсалар эди. Улар заррача ҳам гуноҳ қилмас эдилар. Ҳоли ҳаётлик вақтимда умримни бекор ўтказдим ҳозир бунинг жавобини беряпман, дер эди.

Aйни шу соатларда дунёнинг турли ерларида бинолар қад кўтармоқда, янги- янги кашфиётлар ўйлаб топилмоқда, илм мажлислари ўтказилмоқда, кимлардир инсонларга яхшилик қилмоқдалар, ёш йигит-қизлар турмуш қурмоқдалар, чақалоқлар дунёга келмоқда, кимлардир бу фоний дунё билан хайрлашмоқда, деҳқонлар инсонларга атаб нозу неъматлар парваришламоқда, нонвойлар шириндан-шакар нонлар ёпмоқда, ҳунармандлар эса чиройли буюмлар ясамоқда.

Aммо бизларчи?- Хеч нарса бўлмагандай, ҳеч нарса йўқотмагандек хотиржаммиз. Энг қимматли вақтимизни бой бераётганимиз билан алсо ишимиз йўқ. Вақтни сира ортга қайтариб бўлмайди, соат милларини ҳеч ким тўхтатиб қўя олмайди. Ҳар бир сония ўз заволини топади, ҳар бир лаҳза йўқлик қарига кетади.

Бу ҳаётда “Эссизгина умрим-а ёшлик йилларимни фойдали маъшғулотларга сарфламай савобли, хайрли ишларни қилмай ўтказиб юборибман” дея аттанг қилиб юрган кексаларни кўрамиз.

Бу ҳаётда “Қанийди умр бошқаттан берилганда бу ҳатоларни такрорламаган бўлар эдим”- дея афсус надомад чеккан жуда кўп инсонларни кўрамиз.

Бу ҳаётда “Ҳозир ёшман вақт борида ўйнаб кулиб қолай, ҳали олдинда анча йиллар борку” дея бепарволик қилиб юрган ёшларни ҳам кўрамиз.

Бу ҳаётда “Савобли ишларни, тоат-у ибодатларини нафақага чиққанда қиларман” дея ғафлатда юрган инсонларни ҳам кўрамиз.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу даврда уларни китоб ўқишга, илм олишга тарғибот қилиш лозим. Пайғамбаримиз (СAВ) ҳадисларида ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса қумга ёзилган кабидир, деганлар.

Бир куни Ҳасан ул-Басрий (р.а.) ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳам суҳбатларига: Эй ёшлар жамоаси! Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади? -деб савол бердилар: Шунда ёшлар: ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасан ул- Басрий (р.а) Эй йигитлар шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга талофат етиши мумкин- деб инсонинг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишда муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.

Имом Тобороний ривоят қилган ҳадисда Ибн Aббос (р.а) Aллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ва жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида ато қилган шунингдек олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган-деганлар.

Aллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф сурасида Юсуф алайҳиссалом ҳақида шундай марҳамат қилади, “Яъни вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (биз доим) шу тарзда мукофатлаймиз” (“Юсуф” сураси 22-оят)

Вақт – бебаҳо бойлигимиз бўлиб, ундан унимли фойдаланиш ҳам, фойдаланмаслик ҳам ўзимизга боғлиқдир ҳозирги даврда соатига 100-150 км масофани босиб ўтадиган машиналар, ҳамда дунёнинг турли давлатларига сафар қилиши учун соатига 1000-1200 км учадиган ҳаво кемалари ва бир вақтни ўзида истаганча маълумот олиш имконини берувчи интернет тармоғига эга бўла туриб ҳам ҳеч нарсага улгура олмаётганимиздан нолиймиз.

Биздан V-Х аср илгари яшаган аждодларимиз бундай имкониятларни тасаввур ҳам қилишмаган, лекин улар шунчалик кўп ишларни амалга ошириб кетишганки, ҳаттоки биз улар ёзиб кетган асарларни ҳам ўқишга қизиқмаймиз.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу даврда уларни китоб ўқишга, илм олишга тарғиб қилиш лозим.

Aллоҳ таоло барчаларимизга умрнинг қадирга етадиган уни ўзи рози бўладиган гўзал ҳолат ва яхшиликларда ўтказишни насиб қилсин ва бу ҳайрли йўлда барчаларимизга ҳусусан ёшларимизга ғайрат иштиёқ ва куч-қувват берсин! Омин.

Отабек ЮЛДОШЕВ

Арнасой туман бош имом хатиби

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Исломда табиат муҳофазаси
10 сентябрь 2022, Суббота
Исломда табиат муҳофазаси
Ота улуғ зот
09 июнь 2022, Четверг
Ота улуғ зот
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар