Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » ҲУР ДИЁРИМ - УЛУҒ, БУРЧИМ — МУҚАДДАС

ҲУР ДИЁРИМ - УЛУҒ, БУРЧИМ — МУҚАДДАС

29 декабрь 2022 йил
114
0

Миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳияти ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги, чаққонлиги ва тезкорлиги билан баҳоланади. Бугунги кунда ана шундай шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар.

Чегарачиларимизнинг машақкатли вазифалари динимизда ҳам эътироф этилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтганларидек “Кечалари Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни Дўзах оташи куйдирмайди”.

Бугунги кунда дунёнинг ўнлаб мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби чегара танламас кучлар халқаро хавфсизликка кучли таҳдид солмоқда. Бу ҳолат ўз навбатида барчамизни янада огоҳ ва сергак бўлишга, мусаффо осмонимиздаги тинчлик учун шукроналик ҳисси билан яшашга, барқарорлик ва осойишталикни асраб – авайлашга ундайди. Бу йўлда ўзаро бирдамлик, ижтимоий ҳамжиҳатликнинг аҳамияти чексиздир. Зеро, Конституциямизнинг 52-моддасида ёзилганидек «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқарасининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар».

Мустақиллик йилларида Миллий армиямизни замонавий талаблар асосида ислоҳ этиш йўлида қилинган саъй ҳаракатлар, аввало, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳозирда шонли Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш энг шарафли бурчга айланди. Армия қўмондонлигининг талаби ҳам тубдан ўзгарди,  ёш аскарлар билан улар ўртасидаги муносабат ўзаро тушуниш, кичикдан итоат, каттадан адолат қилиш тартиб қоидаси асосида амалга оширилмокда. Бу борада ҳадиси шарифда «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз кадрини билмаган биздан эмас», дейилади.

Юртимиз сарҳадларини қўриқловчи харбий хизматчилар ҳам юртларимизнинг тинч ва осойишта яшаши учун ўзининг ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб ҳамиша огоҳ ва сергак туриб тунни тонгга улаб эл-юрт олқишини олаяптилар. Расули акрам (с.а.в.) марҳамат қилганларидек «Ким Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Ким сарҳадни қўриқлаб турганда халок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади».

Асл ватанпарвар ўз юрти ва элига муҳаббати туфайли моли, куч-қудрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи инсондир. Шундай экан, ёшларни она Ватанга, эл юртга садоқат руҳида тарбиялаш бундан кейин ҳам ҳар бир мўмин мусурмон, айниқса азиз ота-оналаримизнинг шарафли бурчи бўлиб қолсин.

 

Отабек ЮЛДОШЕВ

Арнасой туман бош имом хатиби

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар