Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Арнасой тумани ҳокимининг 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар» куни муносабати билан байрам табриги

Арнасой тумани ҳокимининг 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар» куни муносабати билан байрам табриги

30 сентябрь 2022 йил
114
0

Ассалому – алайкум, азиз устозлар!

Муҳтарам мураббийлар!

 

Аввало, Сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган барча устоз ва мураббийларни умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

Хабарларингиз бор, яқинда жорий йилнинг 15 - 16 сентябр кунлари Шанхай хамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган саммити, Ўзбекистоннинг ҳозирги дунёдаги катта мавқеини, обрў -  эътиборини, қатъий сиёсий позициясини яна бир бор намоён етди, шунингдек, бу фазилатлар ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий етакчи сифатидаги умумпланетар қарашларидан, унинг кенг сиёсий ва бошқарувчилик салоҳиятидан, пишиб етилган муаммоларга ўта хушёрлик ва зукколик билан ёндашаётганлигини кўрсатди. Шунингдек бу саммитни биз яхши англашимиз ва идрок этишимиз керакки, дунёнинг ҳам иқтисодий, ҳам интеллектуал, ҳам худудий, ҳам беқиёс ер усти ва ер ости бойликларига эга бўлган 14 та давлат раҳбарининг айнан Ўзбекистонда, ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд заминида бир даврага жам бўлиши, бу – тарих, буюк тарихдир!   

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг ўз даврида айтган қуйидаги сўзларига эътиборингизни қаратмоқчиман: “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт” – яъни, ҳар бирингиз инсонларга қуёш каби зиё нурини таратишни, яхшилик қилишни умрингизнинг мақсадига айлантиринг! Буюк мутафаккирнинг бу сўзлари  замирида жуда катта маъно мужассамдир.

 Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган Сиз каби заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.

Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади. 

Хабарларингиз бор бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечирган мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовларга дуч келди, бу синовларга қарамасдан давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилди.                   

Яқинда жорий йилнинг сентябрь ойидан республикамизнинг барча мактабларида янги ўқув йили бошланди. Эзгу анъанамизга мувофиқ, туманда истиқомат қилувчи янги 2022 - 2023 ўқув йилида мактабга илк қадам қўйган 796 нафар 1-синф ўқувчиларига Президент совғалари сифатида 117 млн 303 мингсўмлик ўқув қуроллари ва ўқув дарсликлари топширилди.

 

Ҳурматли устозлар!

 

Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу-илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Ушбу қутлуғ айёмда Сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ ва шарафли инсонларсиз. Бу улкан бойлик — ақл-заковат, илм, бу ўлмас мерос — яхши тарбиядир.

Шу боис бугун сизларнинг шаънингизга билдираётган олижаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни бутун  халқимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этгайсиз.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб бермоқда, қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факулътет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилиши, шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилганлиги таълим соҳасига берилаётган кенг имкониятлардан биридир.

  

Муҳтарам юртдошлар!

 

Бугунги шиддатли замон олдимизга қандай мураккаб вазифаларни қўяётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, авваламбор, ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак.

Таълим соҳасининг яна бир муҳим вазифаси — фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёшлар авлодини шакллантиришдан иборатдир.

Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлилар бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз.

 

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

 

Сиз, азизларни қутлуғ ва шарафли байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файз-у барака тилайман. 

 

Эътиборларингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар