Арнасойда “Маҳоратли нотиқ” кўрик-танлови туман босқичи ғолиблари аниқланди
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан Арнасой туманида ўтказилган “Маҳоратли нотиқ” кўрик-танловининг туман босқичи иштирокчилари 3 та шарт бўйича беллашди.
Танловни Республика Маънавият ва маърифат маркази Арнасой туман бўлинмаси раҳбари Одилжон Зоидов кириш сўзи билан очиб, танловни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, унинг мазмун-моҳияти, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва келгусидаги вазифаларга тўхталиб ўтди.
Мазкур танловда Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Рустам Нурматов, Арнасой тонги газетаси бош муҳаррири Хуршид Мирзаев, халқ таълими фахрий устози Муҳиддин Нарзуллаевлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Танлов иштирокчилари “Танишув”, “Менинг энг севимли китобим” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари бўйича ўзаро беллашдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра 1-ўринга тумандаги 1-сектор ҳудуди Гулбаҳор МФЙдаги 7-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Мафтуна Ахатова, 2-ўринга 3-сектор ҳудудидаги Ғ.Ғулом МФЙдаги 20-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳира Донабоева, 3-ўринга эса 4-сектор ҳудуди Бўстон МФЙдаги 5-сонли умумтъалим мактаби ўқитувчиси Довур Ҳайитовлар муносиб деб топилди.
Ғолиблар Республика Маънавият ва маърифат маркази Арнасой туман бўлинмаси томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шавкат ХУДОЙҚУЛОВ
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Арнасой туман бўлинмаси мутахассиси