Мустақиллик байрами муносабати билан Арнасой туман ҳокимининг табриги
Ассалому – алайкум, азиз юртдошлар!
Муҳтарам дўстлар!
Аввало, Сиз азизларни, Сизлар орқали Ватан меҳри билан яшаб, туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган барча юртдошларимизни энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Мустақиллик Бу сўзнинг қадри нақадар баланд, нақадар азиз!
Шукурки, бугун ҳур ва озод юртда яшаяпмиз, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти кафолатланган. Истиқлол ато этган мана шу замин бугун ҳар бирингизнинг кўнглингизга ғурур ва ифтихор ҳиссини бахш этиб тургани шубҳасиздир.
Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг 31 йиллигини “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя билан байрам қилаяпти. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Айниқса, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар самарасини кундалик ҳаётида хис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш лозимдир.
Халқимизда “Тинч элнинг боғи гуллар” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Тинчлик бор экан-тараққиёт мавжуд, тотувлик бор экан-келажагимиз ҳам албатта ёруғ бўлади.
Бизнинг барча ютуқларимиз хоҳ ташқи ёки ички сиёсатда бўладими, хоҳ иқтисодий ёки маданий-гуманитар соҳаларда бўладими-қўлга киритаётган муваффақиятларимиз замирида жамиятимиздаги осойишталик ва тотувлик ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Республикамиз Президенти, ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Инвестиция” дастурлари замирида одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш каби олижаноб мақсадлар мужассамдир.
Мазкур дастурлар асосида 34 млрд 545 млн сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган.
Электр таъминотини яхшилаш бўйича:
Туманда жами 29,8 км.га, яъни “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 16,8 км.га, ҳашар йўли билан 13 км масофага (СИП) электр кабеллари тортилди, 370 та, яъни “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 215 та, ҳашар йўли ва хомийлар ҳисобидан 155 та темир бетон устунлар ўрнатилди.
Ижтимоий соҳа йўналиши бўйича:
Жорий йилда 3 та умумтаълим мактабини жорий таъмирлаш учун 674 млн сўмлик, “Инвестиция” дастури доирасида тумандаги 8-умумтаълим мактабида 5 млрд. 832 млн. 301 минг сўмлик ва 10-умумтаълим мактабида 1 млрд. 424 млн. 638 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича:
Туманда 14,4 км.га ичимлик суви тармоғи тортилиб, 636 та хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. “Инвестиция” дастур доирасида 8 км (1 млрд. 490 млн сўмлик), “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 3,0 км (960 млн. сўмлик), ҳашар йўли билан 3 та маҳалланинг 3,4 км масофасига ичимлик суви тармоғи тортилиб, 636 та хонадон тоза ичимлик сув билан таъминланди, яъни бунинг эвазига аҳолининг тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжи қондирилди.
Йўлларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича:
Тумандаги 17,5 км таъмирталаб ҳолатдаги ички йўлларнинг ҳолати яхшиланди, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 4,5 км масофага шағал, 1,6 км масофага асфальт ва 1,5 км масофага цемент бетон қоплама ётқизилди, шунингдек ҳашар йўли билан 6 км таъмирталаб ҳолатдаги тупроқ йўллар шағаллаштирилди. Туманда 7 км йўлни (4 млрд. 253 млн. 800 минг сўмлик) кластер усулида цемент-бетон йўл қурилиши режалаштирилган, бугунги кунда бу борада жадал ишлар олиб борилмоқда.
Газ таъминотини яхшилаш бўйича:
Газ таъминотини яхшилан бўйича “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 1,7 км табиий газ тармоғи жорий таъмирланди, яъни 400 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланди.
Алоқа тизимини яхшилаш:
Алоқа тизимини яхшилаш бўйича “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 4 км масофага алоқа тармоғи тортилди, маҳалла аҳолиси сифатли алоқа ва интернет хизматлари билан тўлиқ қамраб олинди.
Ирригация объектлари бўйича:
Туман ҳудудида “Инвестиция” дастур асосида 10 км (5 млрд. 878 млн сўмлик) лоток тармоқларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек ҳашар ва ҳомийлар ҳисобидан 850 метр лоток тармоғи таъмирланмоқда, бундан кўзланган мақсад 1596 га ер майдони ва 180 та хонадоннинг ер томорқасининг суғориш тизими ва мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ернинг шўрланишининг олди олинади.
Мелиорация объектлари бўйича:
“Инвестиция” дастури асосида 15 км (2 млрд. 280 млн сўмлик) ёпиқ-горизонтал дренаж тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда, яъни бунинг эвазига 25 та фермер хўжаликларига қарашли 476 гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланади ва шўрланишнинг олди олинади. Миллий ва замонавий меъморчиликнинг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилаётган бино ва иншоотлар туман маркази кўркига кўрк қўшаяпти, шунингдек шаҳар ва қишлоқларимизнинг шакли ва тамойилини тубдан ўзгартириш, миллий меъморчилигимизнинг сўнгги ютуқлари асосидаги бино, иншоот, боғлар барпо этилишига эътибор янада ортиб бормоқда, аҳолининг маданий дам олиши учун қулайлик яратиш мақсадида туман марказидаги катта йўл тракти бўйлаб инвестиция дастури асосида 3 млрд. 364 млн сўмлик фавворалар мажмуасини қуриш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди, яъни мазкур байрам арафасида ушбу қурилаётган фавворалар мажмуасининг ахборот кутубхона маркази биносининг ён қисмида 2 тасининг қуриб фойдаланишга топширилиши, туман аҳолисида “Янги Ўзбекистон” келажагига яна бир бор ишонч ва ғурур туйғуларини шакллантирмоқда.
Байрам арафасида тумандаги 7 та маҳаллада замонавий кўринишдаги стелло ва кўча ёритгич чироқлари қуриб фойдаланишга топширилди.
Туманда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йил баҳор мавсумида 750 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди, яъни жорий йил куз мавсумида 472 минг 200 дона кўчатларни экиш ишлари режалаштирилган.
Истиқлол байрами муносабати билан бугун туманимизнинг қайси бир жойида бўлманг халқнинг жўшқин ва кўтаринки кайфиятига, буюк келажак ишончига амин бўласиз, амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларига дуч келасиз. Арнасой замини Мустақилликнинг сарбаланд одимлари туфайли тобора гўзаллашиб, сайқал топмоқда.
Туманда “Ёшлар”, “Аёллар” ва “Темир” дафтарларига киритилган эҳтиёжманд оилаларга имкон даражасида моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Жорий йилда 549 нафар ёшлар ижтимоий шароитдан келиб чиққан ҳолда “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб улардан 436 нафарига, яъни 80%га ёрдам кўрсатилиб мазкур дафтардан чиқарилди, 178 нафарига банклар томонидан 3 млрд. 967 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. 7 нафар ёшларга турар жой ижараси учун 17 млн 625 минг сўм, 9 нафар ёшларга даволаниши учун 12,5 млн сўм, олий ўқув юртида таълим олаётган кам таъминланган оила фарзандларидан 47 нафарининг контракт тўлови учун 104 млн. сўм, сафарбарлик чақирув резерви хизматига олинган мазкур тоифадаги оила фарзандларидан 42 нафарининг чақирув бадал тўлови учун 182 млн сўм ва мазкур дафтарга киритилган оилаларнинг 25 нафар фарзандига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши учун 30 млн сўм маблағ тўлаб берилди, шунингдек 279 нафар ёшларга 130 га ер майдони ажратилди, 7 нафар ёш қизларга тикув машинаси, 8 нафар ёшларга чилангарлик ва сув насос ускунаси, 1 нафар ёшга мотокулътиватор, 20 нафар ёшларга компютер техникаси олиб берилди.
“Аёллар дафтари”га 712 нафар хотин-қизлар киритилиб, жорий йилнинг 1 августига қадар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 196 нафарининг бандлиги таъминланди, 36 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тижорат банклари томонидан 300 млн сўм имтиёзли кредитлар берилди, боқувчиси бўлмаган хотин – қизлардан 140 нафарига 151 млн. сўмлик, ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин – қизлардан 112 нафарига 134 млн. сўмлик, қаромоғида ногирон фарзандлари бўлган 82 нафар хотин-қизларга 88 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди. 19 нафар хотин – қизларга ижтимоий уйлар ва уй-жой қуриши учун ер участкалари ажратиб берилди. 40 нафар уй – жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин – қизларга 62 млн. сўм пул маблағи уй – жой ижараси учун тўланди, шунингдек 210 нафар хотин –қизларга тиббий, хуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги ПҚ - 258 қарорига асосан “Темир дафтар”га киритилган 20 та эҳтиёжманд оилаларга 980 кг бепул ун, шунингдек мазкур қарорга асосан туманда ижтимоий дафтарлар, реестр рўйхатида турмаган ҳамда бир марталик моддий ёрдам олмаган, ижтимоий аҳволи оғир бўлган
200 та оилага 84 млн. сўм маблағ берилди.
Тумандаги Бобур, Ғ.Ғулом ва Янги бўстон маҳалла фуқаролар йиғинларида паррандачилик соҳасини ривожлантириш учун аҳолига 2000 минг дона, яъни 38 млн сўмлик зотдор товуқ жўжалари тарқатилди.
Қадрли тумандошлар!
Бу йил дехқонларимиз учун синовли, оғир йил бўлганлиги боис қишлоқ хўжалигида катта қийинчиликларга дуч келинди, лекин шундай бўлсада табиатнинг синовларини енга олган туманимиз пиллакорлари ва ғаллакорларига ўзларининг камтарона меҳнати билан туманимиз ишлаб чиқаришига муносиб ҳисса қўшганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Тарих учун қисқа фурсат бўлган бу вақт ичида не-не ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмади, дейсиз? Шу қисқа давр ичида жаннатмакон юртимизда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, беихтиёр қалбимизни фахр ва ғурур туйғуси чулғаб олади.
Она юрт истиқлол сари юз тутди. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимиз Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим устувор мақсад сифатида белгиланган, зеро, мамлакатимизннг келгуси равнақи айнан шу ислоҳот билан чамбарчас боғлиқдир.
Азизларим!
Мустақиллик бизга чинакам бахт, чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Арнасойликлар ҳам юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган, мана шу буюк ишларнинг амалга ошишида Она-Ватанимиз ободлиги ва тараққиёти йулидаги қилаётган барча ишларимизга Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Арнасой туман ҳокими Х.Алимарданов