Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Ўзбекистон –Тожикистон: мақсадлари муштарак, давр синовидан ўтган ишончли стратегик ҳамкорлар

Ўзбекистон –Тожикистон: мақсадлари муштарак, давр синовидан ўтган ишончли стратегик ҳамкорлар

03 июнь 2022 йил
279
0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 2 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари нафақат қўшни, балки асрлар давомида қондошу қардош бўлиб, бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ягона осмон остида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб келган, яхши-ю ёмон кунларда елкама-елка туриб, қийинчиликларни енгиб ўтган. Ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.

Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Етакчилар ўртасида қисқа суҳбат бўлиб ўтди.

Сўнг Тожикистон Президенти “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Меҳмонга мажмуанинг мазмун-моҳияти ва меъморий хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга келган олий даражадаги меҳмонлар томонидан ушбу монументга гул қўйиш маросими анъанага айланди.

Кўксаройда Тожикистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилди. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан тантанали юриб ўтди.

Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам ҳозир бўлди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказди.

Давлат раҳбарлари биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган ўзаро манфаатли Ўзбекистон –Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокараларда асосий эътибор икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кун тартибини тубдан кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Кейинги олти йилда ҳамкорликнинг барча йўналишларида ютуқларга эришилди. Олий даражадаги музокараларда эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасида мунтазам алмашинувлар йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш йўлидан қатъий боришларини тасдиқладилар.

Давлат раҳбарлари савдони фаол кенгайтириш ва саноат кооперациясини кучайтириш, икки мамлакатнинг логистика ва транзит имкониятларини ривожлантириш ҳамда сув энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш орқали муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Ўзбекистон раҳбари кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан муваффақиятларга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиб, Тожикистон бизнинг яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз, давр синовидан ўтган ишончли стратегик шеригимиз эканини таъкидлади.

Президентимиз ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама ҳамкорликни мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатли йўлида бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Товар айирбошлаш 600 миллион долларга етди. Қўшма корхоналар сони 10 карра ошди.

Куни кеча ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумнинг муваффақиятли натижалари – 1 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Транспорт, ҳудудлараро ҳамкорлик, парламентлараро ва маданий-гуманитар алоқалар борасида ҳам муҳим натижаларга эришилди.

Икки давлат пойтахтлари Тошкент ва Душанбе шаҳарлари, Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ҳамда Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган. Мазкур ташриф доирасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни Жиззах ва Сўғд вилоятлари ҳам қабул қиладилар.

Президентлар биродар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий шериклик устувор аҳамиятга эга эканини, савдо ҳажми ва номенклатурасини каррасига ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

Машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм, фармацевтика, озиқ-овқат, агросаноат, тоғ-кон, металлургия ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга ошириш учун катта истиқболлар борлиги қайд этилди.

Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция компанияси салоҳиятини фаол ишга солиш орқали ҳудудлараро ва саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида келишувларга эришилди. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва маънавиятини юксалтириш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Етакчиларнинг мамлакатларимиз ўртасидаги абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш бўйича тарихий қарори қўйилган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади.

Таъкидланганидек, Тожикистон Президентининг дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўладиган жорий йилда ўтаётган ушбу ташрифи биродар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг ёрқин тасдиғидир.

Тожикистон Президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Яван гидроэлектр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, қурилишга старт бердилар.

Ушбу иншоот энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликда биринчи йирик лойиҳа бўлади. 140 мегаватт қувватли замонавий станция мамлакатларимиз энергетик хавфсизлиги, сув ва қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида, илғор хорижий компаниялар иштирокида олиб борилмоқда.

Лойиҳани молиялаштиришга етакчи халқаро институтлар, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки қизиқиш билдирган.

Ушбу лойиҳа тармоқнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, минглаб хонадонлар ва янги корхоналарни “яшил” энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тарихий аҳамиятга эга Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.

Бундан ташқари, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида кўп қиррали Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 11 та ҳужжат имзоланди.

Жумладан:

– Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”;

– Маданият вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”;

– Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Ипакчилик тармоғида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Президентлар музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч, англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни ва ушбу мамлакат делегацияси аъзоларини меҳмондўст Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Тожикистон бизнинг асрлар синовидан ўтган яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз ва ишончли стратегик шеригимиз эканини яна бир бор таъкидлади.

– Ўзбекистон халқи биродар тожик халқи билан тарих, маданий-маънавий мерос ва аждодларимизнинг эзгу анъаналари муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қадрлайди. Ёруғ кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам биз доимо елкама-елка турганмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан икки томонлама муносабатларда ҳақиқатдан катта марраларга эришишга, уларни жуда юқори даражага кўтаришга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

– Айнан шу туфайли бугун чинакам тарихий аҳамиятга эга қарор қабул қилинди. Биз Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзоладик, – деди Шавкат Мирзиёев.

– Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини Тожикистонда жуда қадрлашади. Жорий йил октябрь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини нишонлайдилар. Аҳамиятлиси, биз учун муҳим бўлган айнан шу йилда муносабатларимизни иттифоқчилик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдик, – деди Эмомали Раҳмон.

Кейинги йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 баробарга, жорий йил бошидан эса 35 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди.

Шу йил 20 июнь кунидан бошлаб Тошкент – Душанбе йўналишида йўловчи поездининг қатнови йўлга қўйилади.

Томонлар янги транзит йўлакларини шакллантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, ҳаво, темир йўл транспорти ва автобуслар қатновини кўпайтириш, биргаликда агрокластерлар ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқишга келишиб олдилар.

Энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш борасида самарали ҳамкорлик учун ноёб имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Тожикистон Президентининг Музликларни асраш халқаро фондини ташкил этиш ва 2025 йилни Музликларни ҳимоя қилиш халқаро йили деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Музокараларда парламентлараро мулоқот ва халқ дипломатиясини янада кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

– Биродар халқларимизни ўзаро бойитиш ва яқинлаштиришга, мамлакатларимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган миллатларимизнинг кўп сонли вакиллари бизни бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда. Биз миллий маданий марказларнинг муваффақиятли фаолияти учун бундан буён ҳам зарур шароитлар яратишга тайёр эканимизни тасдиқладик, – деди Ўзбекистон Президенти.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳар йили Тожикистон фуқаролари учун ажратиладиган таълим грантлари сонини кўпайтирмоқчи.

Мамлакатларимизда кино, маданият кунлари ва турли фестивалларни мунтазам ўтказиб бориш давом эттирилади.

Маълумки, жорий йилда буюк шоирларимиз Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг яқин дўстлигига бағишланган қўшма фильмни суратга олиш бошланади.

– Ўйлайманки, фильм намойиши давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш доирасида узоқ кутилган воқеа бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг алоҳида аҳамиятини, халқаро ташкилот ва тузилмалар доирасида конструктив мулоқот ва ўзаро кўмакни давом эттириш зарурлигини қайд этдилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг тарихий ташрифи натижалари, ҳеч шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, ўзаро англашув ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Шундан сўнг Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган ушбу саноат мажмуасида умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа йўлга қўйилган. Бугунги кунда шундан 13 таси ишга тушган бўлиб, электрон газ ҳисоблагич, музлатгич, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, лифт ва эскалаторлар, сув насослари, эшик ва дераза ромлари учун аксессуарлар ясалмоқда.

Бу йил изоляция маҳсулотлари, сув иситиш ускуналари, ошхона техникаси корхоналари ҳамда логистика маркази ишга туширилади.

Тожикистонлик меҳмонларга Технопаркда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берилди.

Бу товарлар хорижий брендлар номида ва уларнинг назорати остида тайёрланиши боис харидоргир. Сифат ва нарх мутаносиблиги билан қўшни мамлакатлар бозоридан ҳам ўрин эгалламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев икки давлатнинг турдош муассасалари раҳбарларига ўзаро яқиндан ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат кооперацияси ва савдони кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотларнинг кенг ассортименти ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар