Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Ислоҳотларнинг маҳалладан бошланиши янги имкониятлар учун йўл очмоқда

Ислоҳотларнинг маҳалладан бошланиши янги имкониятлар учун йўл очмоқда

29 апрель 2022 йил
315
0

Бугун ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлигини таъминлаш, муаммоларига ечим излаш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони саналади. Шу боисдан ҳам, ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш орқали аҳолининг ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, биринчи навбатда, қишлоқ жойларда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган давлат даражасидаги қатор муҳим ва ҳудудий дастурлар ҳамда қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бунда, парламент аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпуси, фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини кенг жалб этган ҳолда, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатдан янги ва самарали шаклларини жорий этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ўрганишлар олиб борилиб, натижалари мазкур дастурлар ҳамда ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлди.

Шунингдек, белгиланган барча чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали ҳаётга татбиқ этиш мақсадида, 2017 йилнинг 8 августида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан жойларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган секторлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бугун эса, жойларда ҳар бир сектор раҳбари ўзига бириктирилган маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳар бир қатлами билан манзилли ишлашдан тортиб, ўз ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари аҳволини яхшилашгача бўлган жараёнда фидойилик билан хизмат қилмоқда. Натижада, аҳолида раҳбарлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш кўникмаси шаклланмоқда. Яъни, фуқаро ўз оиласи ва маҳалласида дуч келаётган муаммоларни ҳар бир раҳбар олдига ҳал этилиши лозим бўлган масала сифатида қўя оляпти.

Бу ўтган беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ билан мулоқот қилиш тизимининг тўлақонли шаклланишида муҳим босқич бўлди. Шунингдек, фуқаролар билан манзилли ишлашда амалга оширилган яна бир ислоҳот, бу – 2020 йилдан жорий этилган “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарининг йўлга қўйилишидир.

Ушбу тизим ҳам қисқа вақт ичида ўз самарасини берди. Хусусан, дунё мамлакатлари учун синов бўлган пандемия даврида аҳолини манзилли қўллаб-қуватлашда ушбу дафтарларнинг ўрни ниҳоятда юқори бўлди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан манзилли ишлаш натижасида уларнинг бандлиги таъминланиб, ўз даромад манбаига эга бўлишига эришилди. Буни биргина, 2020 йилдан бошлаб, “Аёллар дафтари”га киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Албатта, ушбу тизимларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилишида маҳалланинг ўрни беқиёс. Сабаби, юртимиз маҳаллаларида ўзига хос бошқарув тизими яратилган. Юртдошларимиз шодон ва ташвишли кунларини, айнан маҳалла аҳли билан баҳам кўради.

Шу боисдан, маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларга маҳалланинг ўзидан туриб барча даражадаги давлат хизматларидан фойдаланиш, вазирлик ва ташкилот раҳбарлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга оширш давом этмоқда.

Жумладан, Давлат раҳбарининг 2021 йилнинг декабрь ойидаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан, юртимиз маҳаллаларида 9 минг 309 нафар “ҳоким ёрдамчилари”нинг фаолияти йўлга қўйилди. Ҳоким ёрдамчилари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларини белгилаши, хонадонбай рўйхат асосида ҳар бир маҳалла кесимида ҳақиқий ижтимоий вазиятни аниқлаш ҳамда ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, аҳолини, биринчи навбатда ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил қилиш вазифаси белгилаб берилди.

Ўтган вақт давомида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 тоифага ажратишди. Жумладан, ўрганиш якунларига кўра, хонадонларнинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 36 фоизи ўзига тўқ оилалар экани аниқланди. Ушбу таҳлилардан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий раҳбарлар фаолияти манзилли ташкил этилиб, минглаб фуқароларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганиши таъминланди.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди. Натижада жойларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилиб, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилди. Бу эса, маҳалланинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаб, унинг кафолатланган даромад манбаини яратишда муҳим босқич саналади.

Аммо, танганинг иккинчи томони бўлгани каби, ўтган вақт давомидаги ўрганиш натижаларига кўра, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори эканлиги аниқланган. “Қониқарсиз” дея баҳоланган маҳаллалардаги ҳолатни яхшилаш учун бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобидан жорий йилда яна 800 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ушбу маҳаллаларни ихтисослашуви бўйича қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллаларда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилиб, бу марказлар 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатда бошланган ҳар бир ислоҳотнинг авваламбор, бошқарув тизимининг энг қуйи бўғини бўлган маҳаллада амалга оширилиши, аҳолининг ислоҳотларга бўлган дахдлорлигини ошишига, бугунги турмуш тарзидан мамнун бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Ушбу бошланган ислоҳотларнинг Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам тизимли равишда давом эттирилиши белгиланган.

Жумладан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш, фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. 

Фаррух Абдуҳамидов,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар