Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ

29 апрель 2022 йил
567
0

Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.   Бирон бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай шартномаларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 124-моддаси 2-қисми “агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади” деган қоидалари қўлланилади. Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Бундай ҳадяга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг ворислик тўғрисидаги қоидалари қўлланилади.

Ҳадя қилиш, айни пайтда ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин. Ҳадяни топшириш уни тақдим қилиш, рамзий топшириш (калит ва ҳоказоларни тақдим қилиш) ёки ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.

Кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси:

Ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;

Фуқаролар ўртасида баъзавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;

Шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.

Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 225-моддасида “биргаликдаги мулк бўлган мол-мулк барча иштирокчиларнинг розилиги билан тасарруф этилади, мол-мулкни тасарруф этиш хусусидаги битим иштирокчилардан қайси бири томонидан тузилаётган бўлишидан қатъий назар, бундай розилик талаб қилинади” дейилган. Ушбу меъёр бевосита ҳадя шартномасига ҳам тадбиқ қилинади. Сабаби, мол-мулкни ҳадя қилиш уни тасарруф этиш демакдир. Агар шартнома тузилганидан сунг ҳадя қилувчининг моддий аҳволи жиддий ёмонлашган бўлса, у келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодекси 507-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган асосларда ҳадя қилувчи келажакда ҳадя олувчига ашёни ёки мулк ҳуқуқини бериш ё бўлмаса, уни мулкий мажбуриятдан озод этиш ваъда қилинган шартномани бажаришдан бош тортишга ҳақли. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларини хаёти ёки соғлигига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан улдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ва юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим. Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланмайди. Амалиётда тузилаётган ҳадя шартномаларининг айримлари шу юқоридаги меъёрлар талабларига мос равишда тузилмаяпди. Кўпчилик ҳадя шартномалари алдаш таъсирида, ниқоблаш мақсадида, бошқа шахсларнинг мулкка бўлган ёмон ниятдаги таъсиридан қутилиш мақсадида ва қонунларга мос келмаган бошқа шартларда тузилмоқда. Амалдаги қонун талабларига кўра, ҳадя шартномаси миннатдорчилик белгиси билан тузилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 116-моддасида “қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир” дейилган.

Шу сабабли, суд томонидан қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган мазмундаги ҳадя шартномалари ҳақиқий эмас деб топилмоқда, ҳуқуқлари бузилган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда. Зеро, қонун ҳамма учун тенг ва унга ҳамма амал қилиш шарт. 

 

Ф.Ибодуллаев

Фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро судининг судьяси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Ҳадя шартномаси
13 апрель 2022, Среда
Ҳадя шартномаси
Қарз шартномаси
13 апрель 2022, Среда
Қарз шартномаси
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар