Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Арнасой туман ҳокимининг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан табриги

Арнасой туман ҳокимининг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан табриги

21 март 2022 йил
368
0

 

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

 

Тароватли кунларда табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келди.

Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрки, зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

Туманимизнинг жонкуяр, фидойи, меҳнатсевар ҳамда меҳрибон халқини шарқ миллий байрами Наврўз айёми билан чин қалбимдан табриклайман.

Мана шундай файзли, шодиёна айёмда маҳаллаларда истиқомат қилаётган барча аҳолига юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларни изҳор этаман.        

 

Азиз юртдошлар!

 

Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз ҳалқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Асрлар давомида эл-юртимизнинг олий жаноб орзу интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.

Биз ҳар йили Наврўз айёмини ўзгача орзиқиш  ва интизорлик билан кутиб оламиз. Чунки Наврўз энг қадимий асл миллий байрам бўлиб, уни ардоқлаб нишонлашимизда ўзига хос чуқур маъно ва мазмун бор. Зеро, Наврўз ғояларида минг йиллар давомида безавол сақланиб келаётган қадимий урф-одат ва анъаналари мужассамдир.

Мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ  қайта тикланган Наврўз байрами Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро Наврўз байрами сифатида тан олингани миллий қадриятларимизнинг инсоният тамаддуни ривожига қўшаётган улкан ҳиссасининг яна бир  бор эътироф этилишидир.

Зеро, Наврўзи олам азал-азалдан баҳорий илиқликни, яшариш ва янгиланишни олиб келиши билан ҳаммамиз учун қадрли, шунингдек Наврўз юртимизда барча миллат ва элатлар томонидан биргаликда шоду-хуррамлик билан нишонланиши аҳамиятлидир.

Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамалакатимизда “Ассалом, Наврўз-янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайли шаклида кенг нишонланмоқда.    

Бу байрам кунлари низо ва адолатлар унутилади. Кексалар, беморлар, муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилади. Жумладан, айни кунларда  туманимизнинг барча маҳаллаларида, ташкилот ҳамда корхоналарда байрам тадбирлари уюштирилиб, эҳтиёжмандларга имкон даражасида кўмак кўрсатилмоқда, шунингдек, байрам анъанасига мувофиқ янги қурилган объект, савдо ва маиший шахобчалар фойдаланишга топширилаяпди.

Наврўзи олам ўлкамизга қадам қўйиши билан тирик мавжудотнинг уйғониши, еру кўк бағрида юз берадиган ўзгаришлар, бир сўз билан айтганда, баҳор нафаси жисмимизга куч-қувват бахш этади. Ҳар биримизнинг қалбимизда, юрагимизнинг туб-тубида янги орзулар, улкан мақсадлар жўш уради.

Мамлакатимизнинг қайси бурчагига борсангиз ёшу-кексанинг тилида бир калом қайта-қайта такрорланади. “Янги Ўзбекистон - янгиланаётган дунёқараш!”. Кимдир бу сўзларни қалбдан ҳис этиб айтса, кимдир орзу-ҳавас билан тилга олади. Бу сўзлар бутун жаннатмакон юртимиз аҳлининг онгу-шуурида, юрагида улкан ишонч зоҳир этмоқда. Бироқ ҳар бир шиор, чорлов ортида аниқ режа, бажарилган ишлар бўлмаса, уларнинг оддий сўзлардан фарқи қолмайди.

Бунёдкор халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти, хурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг етакчилигида дунёда ҳечкимдан кам бўлмаган янги ҳаёт, эркин ва фаравон турмуш барпо этиш йўлида қанчадан-қанча улкан зафарларни қўлга киритмоқда. Яқин йилларда эришилган бу ютуқларни, бу янгиликларни, бу ўзгаришларни дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Юртимизда ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётган бугунги кунда ҳар куни қандайдир муҳим ўзгаришни, янгиликни ҳис қилаяпмиз. Давлатимиз томонидан ҳалқимиз турмуш фаравонлигини яхшилаш учун барча соҳаларда бўлаётган ислоҳатлар замирида мамлакатимиз фуқароларининг Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларини таъминлаш ўз ифодасини топаётир. Бу ҳаётий муштаракликни Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан ҳар йили амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури асосида  бажарилаётган ва амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида кўришимиз мумкин.

Айтишларича, йил бошидаги кайфият йил давомида ҳамроҳ бўлар экан. Шундай экан, Наврўзи олам, яъни йил бошида улуғвор режалар тузиш, эзгу ниятларни амалга ошириш биз учун анъанага айланиб қолган. Бу кунда ҳар бир соҳа вакиллари келгуси йил юмушларини чамалайди ва бу ишларда  бир – бирига оқ фотиҳа беради, омадлар тилайди.

Мустақил мамлакатимизда амалга оширилаётганҳар бир соҳадаги ислоҳотлар ҳурматли Юртбошимизнинг “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларини эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” деган сўзларининг ҳаётдаги амалий ифодаси,  бугун сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунаси бўлмоқда.

Азиз Арнасойликлар!

Бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаймиз. Ҳозирги кунда жаннатмакон юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар улуғ мақсадга ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилган.   

Ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни яна бир бор чин қалбимдан табриклайман!

Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун туманимиз аҳлига тинчлик-хотиржамлик, бахту-саодат, қут-барака олиб келсин! 

Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин! Она Ватанимиз фаровон бўлиб, жонажон юртимиз янада обод бўлсин!

Меҳрибон халқимиз доим соғ-омон, Наврўз байрами барчамизга муборак бўлсин.

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар