Ўриклида қуроқчилик ривожланмоқда
Арнасой туманининг Бобур маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилаётган аёллар қуроқчилик, чопондўзлик санъатини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бу иш устоз-шогирд анъанаси даражасида давом эттирилаётганлиги боис, ўз самарасини беряпти. Айниқса, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғини тобора оммалашган.
Бу ерда 30 нафардан зиёд маҳалла қизлари милий ҳунармандчиликнинг турли йўналишларини ёши улуғ момоларимиздан ўрганишяпти.
Бундай саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида ЎзМТДП Арнасой туман Кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Арнасой туман бўлими томонидан оилаларга имтиёзли кредитлар ажратишда ва маҳсулотларни сотишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Маҳалланинг «Ўрикли» кўчасида яшовчи 68 ёшли Омонова Ойсоат она қарийб 20 йилдан буён маҳалладаги хотин-қизларга қуроқчилик ва чопондўзликнинг сир асрорларини ўргатиб келмоқда. Маҳаллада у кишини ҳаж сафарига бориб келганлиги учун ҳожи она деб чақиришар экан. Бугунги кунда 5 фарзанднинг онаси бўлган Ойсоат онанинг 13 та невара ва 3 чевараси бор. Уларга ҳам кўплаб шогиртлари қатори қуроқчилик санъатини ўргатиб келмоқда. Айни дам аёллар дафтарида турган хотин-қизларни ҳунар ўргатиш орқали ўзини-ўзи банд қилиш борасида ибрат бўлаётир.
Шу ўринда ушбу маҳаллада яшовчи Нодира Авалбоева ҳам ёш бўлишига қарамасдан чеварчилик борасида маҳалладошларига ибрат бўлмоқда. Маҳалладаги хотин-қизларга ўзи пухта эгаллаган ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.
Нодира Авалбоева ҳам ўз қўл меҳнати орқали маҳаллий аҳолига буюртмалар асосида нимта, чопон ва турли кийим кечакларни бежирим қилиб тикиб, оилавий даромадига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, қуроқчилик қадимий касб, миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор турларидан ҳисобланади. Майда бўлакларни улаб, безак яратиш, шу усулда тайёрланган безак буюмлар намунаси қуроқчилик дейилади.
Турли ранг ва шаклдаги майда мато парчаларидан буюм, безак ҳосил қилинади. Кўрпа, кўрпача, чойшаб, сўзана, дастурхон, гилам ва бошқа жиҳозлар қадимда шу усулда тайёрланиб, ажойиб санъат намуналари яратилган.
Абдувафо МУФТИЛЛАЕВ
ЎзМТДП Арнасой туман Кенгаши раиси
Тавсия этамиз:
