Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Чинобод маҳалласида йўл-йўлакай муаммолар ўрганилди.

Чинобод маҳалласида йўл-йўлакай муаммолар ўрганилди.

07 август 2021 йил
253
0

Куни кеча Арнасой туман ҳокими Хуршид Алимарданов Чинобод маҳалласида бўлиб, аҳоли муаммолари билан ишлаш, “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар  билан яқиндан танишди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида уларнинг қатор муаммолари тингланди.

Хасанов Низом бобо 72 ёшни қарши олган. Ҳозирда меҳнат фахрийси. Унинг туман ҳокимига қилган мурожаати юзасидан амалий ёрдам кўрсатилган эди. Шу боис йўл-йўлакай маҳаллани ўрганиб юрган ҳокимни кўриб миннатдорчилик билдириш юзасидан қаршисига чиқди. Низом бобо ҳоким билан суҳбат чоғида ўз хонадонида таъмирлаш ишлари кетаётганлигини ҳам билдириб ўтди.

Шундан сўнг 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб у ердаги таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишди ва сайлов участкаларини кўздан кечирди. Мазкур сайлов участкаларида шароитларни янада яхшилаш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Йўл-йўлакай аҳоли билан учрашув давомида ушбу маҳалланинг Чинобод кўчаси туман ҳокимининг эътиборини тортди.

 – Бу йўлларга узоқ вақтдан бери ҳеч ким эътибор бермаган ва шағал ҳам ётқизилмаган. – дейди маҳаллада яшовчи фуқаро Асад Қаршиев. – Бу тупроқ йўллар орқали ушбу кўчада яшовчи 54 та оилаларнинг болалари мактабга қатнайди, аҳоли ҳам маҳалла гузари ва туман марказига шу йўлдан боради. Ёғингарчилик мавсуми бошланаётгани ҳисобга олинса, бу йўлларда ҳаракатланиш қандай кечишини тасаввур қилиш қийин. Болалар мактабга кечикиши, аҳоли эса туман марказидаги ишига вақтида улгуролмаслиги тайин.

Шунингдек электр энергиясининг таъминланиш жараёни ҳам талаб даражасида эмаслиги кўздан кечирилди. Қўлбола усулда сим ёғочлар тортилган ва электр узатувчи кабеллар ҳам паст жойлашганлик ҳолати ҳам учрайди. Суҳбат чоғида ҳудудда электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича йўл-йўлакай мурожаатлар эшитилди. Ҳар бир масала юзасидан масъулларга топшириқлар берилиб, мурожаатлар назоратга олинди.

Шундан сўнг туман ҳокими маҳалла марказида асфальтлаш ишлари кетаётган қизғин иш жараёнини кўздан кечирди. У ердаги ишлар билан яқиндан танишар экан, дастур бўйича 830 метр қилинаётганлиги тўғрисида маҳалла раиси Лутфилла Ҳамидов ҳокимга маълумот берди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз 2021 йил дастур асосида туман маҳаллалар кесимида жами 7 км 129 метр асфальт 10 км 713 шағал ётқизиш режалаштирилган бўлиб ҳозирда ушбу ишлар жадал олиб борилмоқда.

Бугун Чинобод маҳалласида аҳоли учун қулайликлар яратиш,  инфратузилмани яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича қатор камчиликлар аниқланиб, масъуллар билан биргаликда чора-тадбирлар белгиланди.

 

Арнасой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар