Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

14 июль 2021 йил
241
0

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Айниқса, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларни муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунарлар, IT-технологияларни ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биргина 2021 йилнинг ўтган даврида ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими ҳисобланган "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар дастурлари" асосида 430 минг нафар йигит қизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани, 92 минг нафардан зиёд ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар, қишлоқ жойларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиши учун 61 минг гектар ер майдони ажратилгани бу борадаги ишларнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Жорий йил 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида:

1. 2021 йил август ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостлари шакллантирилиши ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини таъминласин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;

ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.

3. Белгилансинки, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Марказий банк (М.Б. Нурмуратов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошқулов) билан биргаликда икки ҳафта муддатда таълим кредитларини бериш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин.

4. Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) икки ой муддатда:

олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини қоплашга йўналтирилган жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига солиқ имтиёзлари қўлланишини;

ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1-иловага мувофиқ қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилсин.

Белгилансинки:

нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасалари рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан аниқланадива унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади;

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар ҳамда давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати шакллантирилади;

ойлик устамалар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади.

6. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида Ёшлар бизнес мактаби, 2022 йилдан бошлаб барча ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилсин.

Қуйидагилар Ёшлар бизнес мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

мамлакатимиз ва чет элнинг етакчи тадбиркор ва бизнес юритувчиларини жалб этган ҳолда, ёшларга тадбиркорлик фаолияти давомида яхши натижаларга эришиш ва бизнес юритишда хавф-хатарлардан ҳимояланиш усулларини ўргатиш;

тадбиркорликка қизиққан ёшларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларда замонавий бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш, мотивацион бизнес-семинарлар ва тренинглар ташкил этиш.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ёшлар бизнес мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.

7. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловларини ташкил этиш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилсин.

Белгилансинки, энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача грант маблағлари берилади
ва улар 2022-2023 йилларда Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдорида қўшимча ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Ж.А.Кучкаров), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдураҳмонов), Молия вазирлиги (Ж.И. Абруев), Ёшлар ишлари агентлиги (А.З. Саъдуллаев):

бир ой муддатда стартап ғоялари танловларини очиқ ва ошкора ташкил этиш, лойиҳаларни баҳолаш мезонлари ва уларни амалга оширишни мувофиқлаштириш тартибини тасдиқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда стартап ғояларнинг амалга оширилишига кўмаклашсин.

8. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖга ёшларнинг янги ғоялар асосида ишлаб чиқилган инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш вазифаси юклатилсин.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖга ушбу бандда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст қилиб берилади.

9. Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х. Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х. Тошқулов) Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Н. Ташкенбаев) билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан босқичма-босқич умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ахборот технологиялари дарслари Кембриж дастури асосида ўтказилишини ҳамда ўқитувчиларнинг ушбу дастур асосида қайта тайёрланишини таъминласин.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М. Садиков) 2021 йил якунига қадар барча умумий ўрта таълим мактабларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишларини тўлиқ якунласин.

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ёшлар томонидан кўтарилган таклиф ва ташаббуслар, муаммо ҳамда масалалар ечими юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни арафасида Ҳукуматнинг дастури, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликларининг алоҳида ҳудудий дастурлари қабул қилинади;

мазкур дастурлар ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароитини яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлардан иборат бўлади.

Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 1 июнга қадар мазкур бандда кўрсатилган Ҳукумат дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, шунингдек, ҳудудий дастурлар қабул қилинишини ташкил қилсин.

11. Олий Мажлис Сенатига:

а) ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида:

мазкур қарорнинг 10-бандида белгиланган Ҳукумат ва ҳудудий дастурларни ўз вақтида ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва тўлиқ
амалга оширилиши юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш, бу борада халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш;

фаол ва ташаббускор ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантириш;

халқ депутатлари Кенгашларида “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби”ни ташкил қилиш;

б) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда:

ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлган раҳбарларнинг Олий Мажлис палаталари ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳисобот бериб бориш тартибини жорий этиш;

“Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз” ташаббусни амалга ошириш;

халқ депутатлари Кенгашлари тавсияси асосида ёш, фидойи, азму шижоатли ёшларни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига бириктириш тавсия этилсин.

12. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (О.А. Хасанов) Олий Мажлис Сенати томонидан шакллантирилган янги авлод захира кадрларини Миллий кадрлар захирасига киритсин ҳамда уларнинг раҳбарлик лавозимларига асосий номзод сифатида тавсия этилишини таъминласин.

13. Белгилансинки, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳудудларда ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги 5 йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-тренерларга, шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда фаолият юритувчи спортчи-тренерларга:

спорт тўгаракларини ташкил этиш учун туман ва шаҳарларда бўш турган давлат мулки ҳисобланган бино ва иншоотлар электрон савдолар ўтказмаган ҳолда, ушбу объектга нисбатан белгиланган энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида ижарага берилади;

спорт тўгаракларини ташкил этиш учун спорт инвентарлари, буюмлари ва жиҳозларини харид қилиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилади;

камида 100 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишини ташкил этган тақдирда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳар ойлик тўлов жорий этилади.

14. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили ёшларга мўлжалланган бадиий асарлар муаллифларини рағбатлантириш мақсадида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини ташкил этсин.

Белгилансинки, танловда ғолиб деб топилган муаллифларга биринчи ўрин учун – 100 миллион сўм, иккинчи ўрин учун – 75 миллион сўм, учинчи ўрин учун – 50 миллион сўм мукофот маблағлари ажратилади.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) мукофотларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни 2021 йилда Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилишини ҳамда 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари
чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

16. Ёшлар ишлари агентлиги (А.З.Саъдуллаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги тўғрисида 2021 йилнинг 31 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 13 июль

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар