Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » СУДЛАР ТОМОНИДАН МЕҲНАТ НИЗОЛАРИНИНГ ҲАЛ ЭТИЛИШ ТАРТИБИ

СУДЛАР ТОМОНИДАН МЕҲНАТ НИЗОЛАРИНИНГ ҲАЛ ЭТИЛИШ ТАРТИБИ

25 февраль 2021 йил
34
0

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, шунингдек айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт)* бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Ишга тиклаш ҳақидаги низо бўйича ариза ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида бевосита судга берилади.

МКнинг 270-моддасида белгиланган муддатлар прокурор, касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан бериладиган даъволарга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Судья даъво қилиш муддати ўтказиб юборилган деган асос билан даъво аризани қабул қилмасликка ҳақли эмас. Суд даъво муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топса, бу муддатни тиклайди. Агар суд ишдаги ҳужжатларни ҳар томонлама текшириб, судга мурожаат қилиш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини аниқласа, даъвони рад этади.

ФПК 10-моддаси ҳамда ФКнинг 153-моддасининг 2-қисми мазмунига кўра, фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши туфайли даъвогарнинг судга мурожаат этиш муддатини ўтказиб юборганлиги масаласи суд томонидан фақат низодаги тарафнинг берган аризасига мувофиқ қўлланилади.

Ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузишга қуйидаги ҳолатлар мавжудлигида йўл қўйилиши мумкин:

бажариладиган ишнинг тафсилотига кўра бажариш учун ходим олинган ишни маълум бир муддат ўтгандан кейин объектив сабабларга кўра давом эттиришнинг имкони бўлмаслиги олдиндан маълум бўлганда, яъни у муддатли характерга эга бўлади;

бажариш учун ходим олинган ишни бажариш шартлари. Бунда ишнинг ўзи доимий характерга эга бўлсада, уни бажаришнинг шартлари ходим билан номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузишга тўсқинлик қилади (қонунларга мувофиқ ходимнинг иш жойи ва бошқалар сақланадиган меҳнат ва ижтимоий таътилларда бўлган вақтига бошқа ходимни ишга қабул қилиш);

ходимнинг манфаатлари, яъни у ёки бу ҳолатларга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузилиши ходимнинг манфаатларига асосланган бўлганда.

Назарда тутиш керакки, МКнинг 76-моддасида келтирилган ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш тўғрисидаги рўйхат қатъий чегараланган. Агар ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси МКнинг 76-моддаси талабларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилган бўлса, бундай ҳолда шартноманинг муддати ҳақидаги шартлари ҳақиқий эмас деб топилади, ходим эса ишга номуайян муддатга биринчи иш кунидан бошлаб қабул қилинган ҳисобланади.

 МКнинг 105-моддаси биринчи қисмига биноан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига унинг муддати тугаши кунида, шунингдек шартномадаги муддатнинг охирги ҳафтаси мобайнида йўл қўйилади.

Меҳнат қонунчилиги шартномадаги муддат тугаши билан уни бекор қилишга қарор қилган тараф бошқа тарафга олдиндан хабар беришни мажбурият сифатида кўзда тутмайди.

Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга давом эттирилган деб ҳисобланади.

Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан тугатилади.

Муддатли меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига биноан муддати тугамасдан (МК 97-моддаси 1-қисми), ходимнинг ташаббуси билан (МК 99-модда), иш берувчининг ташаббусига кўра (МК 100-моддаси 2-қисми), тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича (МК 106-моддаси) бекор қилиниши мумкин.

Муддатли меҳнат шартномасида уни муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда тарафларнинг неустойка тўлаши ҳақидаги ўзаро мажбуриятлари назарда тутилиши мумкин. Тарафлардан бири неустойка тўлашдан бош тортса, уни ундириш суд тартибида амалга оширилади.

Меҳнат шартномасини дастлабки синов муддати давомида ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб, у ҳақиқатдан унинг меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги хоҳиш-истагини намоён этиши лозим. Бунда ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келган сабаблар аҳамиятга эга эмас.

қонунда ёки тарафлар келишувига асосан белгиланган огоҳлантириш муддатида ходим ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли;

меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан қонунда ёки тарафлар келишган огоҳлантириш муддати тугамасдан ходимнинг розилигисиз бекор қилиши, ходимнинг талаби бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилинишини ғайриқонуний деб топишга асос бўлади;

агар қонунда ёки тарафлар келишуви бўйича белгиланган огоҳлантириш муддати тугаган бўлсада, меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг меҳнат муносабатларини ўз ташаббусига кўра бекор қилиш ҳақидаги аризаси ўз кучини йўқотади, шу ариза асосида меҳнат шартномасининг бекор қилинишига йўл қўйилмайди;

меҳнат шартномаси синов муддати давомида ходим ташаббусига кўра бекор қилинаётганда қонунда кўрсатилган ёки тарафлар келишувига кўра белгиланган огоҳлантириш муддати тугагач, ходим ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга. Бунда иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни кечиктиришга йўл қўйилмайди;

синов шартлари ишга қабул қилишда муддатли меҳнат шартномасига киритилган тақдирда (6 ойдан ортиқ муддатга) ва бу шартнома муддатидан илгари бекор қилинганда тарафларнинг ўзаро неустойка тўлаш мажбуриятини кўзда тутган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан синов муддати давомида меҳнат шартномаси бекор қилинганида иш берувчининг ходим томонидан неустойка тўланиши ҳақидаги талаблари қаноатлантирилмайди, чунки МКнинг 104-моддасида неустойкани тўлашга йўл қўйиладиган асослар рўйхати тўлиқ кўрсатилган.

Огоҳлантириш муддати тугагунга қадар, корхонада ходимнинг розилигисиз янги иш шартлари жорий этилган ҳолларда, ходим янги шартлар асосида ишни давом эттиришни рад этиши ҳақли эканлигига судларнинг эътибори қаратилиши керак. Ходимнинг бундай ишдан бош тортиши, меҳнат интизомини бузиш деб қаралмаслиги лозим.

Огоҳлантириш муддати тугагач, киритилган янги шартларда ишлашни давом эттиришдан бош тортган ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш МК 89-моддасининг 4-қисми асосида амалга оширилади. Бундай асосларга кўра, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши янги меҳнат шартларининг жорий этилиши муносабати билан эмас, балки ходимнинг бундай шартларда ишлашни давом эттиришдан бош тортиши сабаб бўлишлигига судларнинг эътибори қаратилсин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, МК 89-моддасининг 4-қисмига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганининг қонунийлигини текширишда судлар ходимнинг янги иш шартларида ишлашдан ҳақиқатдан бош тортганлигини аниқлашлари лозим.

Агар меҳнат низосини ҳал қилишда, ходимнинг янги иш шартларида ишлашга рози бўлсада, у билан меҳнат муносабатлари МК 89-моддасининг 4-қисмига асосан бекор қилингани аниқланса, бундай асослар бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонунсиз деб топилади.

Ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги низоларни кўришда судлар, ходим ўз ташаббуси билан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳамда муддатли меҳнат шартномасини тугашидан икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириб (МК 99-моддаси), бекор қилишга ҳақли эканлигини эътиборга олишлари лозим.

Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади.

Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра икки ҳафталик огоҳлантириш муддати тугагунга қадар ҳам иш берувчи билан ходимнинг келишувига кўра бекор қилиниши мумкин. Қонунда белгиланган ёки тарафлар келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати ўтмасдан ходимнинг розилигисиз меҳнат муносабатларини бекор қилиш ушбу меҳнат шартномасини тугатишни ғайриқонуний деб топишга ва ходимнинг аввалги ишига тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиришга асос бўлади. Ходимнинг огоҳлантириш муддати ўтмасдан ўзбошимчалик билан ишни ташлаши у томонидан меҳнат мажбуриятларини бузиш деб баҳоланади.

Ходим билан меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисмининг 1, 2-бандлари бўйича огоҳлантириш муддати тугамай, ходимнинг розилигисиз бекор қилинган ҳолларда, суд:

агар ҳал қилув қарори чиқариш вақтида огоҳлантириш муддати ўтган ва ходимни бошқа сабабларга биноан ишга тиклашга асос бўлмаса, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини огоҳлантириш муддатининг тугашига мос келадиган кунга кўчириш ва ходимга бу вақт учун ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилади;

агар ҳал қилув қарори чиқариш вақтида огоҳлантириш муддати ҳали ўтмаган бўлса, меҳнат шартномаси қатнашчилари огоҳлантириш муддатини пул компенсацияси билан алмаштиришга келиша олмасалар, ходимни аввалги ишига тиклайди. Бундай қарор иш берувчини ўрнатилган тартиб асосида огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди ва кейинчалик тарафларга қолган огоҳлантириш муддатини унга мос келадиган пул компенсациясига алмаштириш бўйича келишувга келишларига тўсқинлик қилмайди.

Судларга ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бартараф қилишга йўналтирилган чораларни кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиш, меҳнат қонунларининг бузилиши бўйича аниқланган фактлар юзасидан хусусий ажримлар чиқариб, муносабат билдириш тавсия этилган. 

Ф.Ибодуллаев

Фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро суди судьяси 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар