Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » ДАРАХТДАН ТЎКИЛГАН ДУР

ДАРАХТДАН ТЎКИЛГАН ДУР

15 октябрь 2020 йил
149
0

Мамлакатимизда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзор-лаштириш, экологик талабларга қатъий риоя қилиш,  атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экиш, уларни парвариш қилиш борасидаги ишларда барчамиз фаол бўлишимиз ҳамда ташаббускорлик кўрсатишимиз, бу йўналиш бўйича турли тарғибот ишларни амалга оширишимиз бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Аслида табиат ўз мувозанати ва моҳиятига кўра тўкис ва бекаму кўст яратилган. Айниқса, мамлакатимизда тўрт фаслнинг барқарор алмашинуви, уларнинг ҳар биридаги жозиба кишини ҳайратга солади. Умуман олганда  юртимизнинг ҳар фасли, ҳар кунида ўзгача сеҳр ва мўъжиза бор. Юртимизга сокинлик ила кириб келаётган куз нафаси аллақачон руҳиятимизда, кайфиятимизда сезилган.

Эътироф этиш жоизки, дарахтлар инсониятнинг тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эга. Яшил олам аҳоли  яшаш марказлари ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

Дарахт турларини икки турга ажратсак кўпчилигимиз албатта манзарали ва мевали дарахт турларини тушунамиз. Манзарали дарахтлар ўзининг инсониятга, борин-ки жамики жонли ва жонсиз табиатга қуёшли жазирама кунларда соя салқини билан, кўркамлиги ва чиройи билан кайфиятимизни кўтариш билан бирга сиз-у бизга кислород, яъни тоза ҳаво етказиб бериши ҳам уларнинг вазифасидир. Мевали дарахтлар эса ўзини шириндан шакар мевалари билан дастурхонимиздан жой олган. Бундан ташқари барча мевалар инсон саломатлиги учун ўзининг ижобий таъсирларига ҳам эгадир.

Дарахтлар ҳар доим табиатга, инсониятга фойда келтирган. Сояси жонга меваси танга дармон. Лекин биз биламиз-ки, ҳар бир фаслнинг ўз ҳусусияти бор. Олтин куз фасли келиши билан дарахтлар ўзининг яшил оламини хазонрезгиликка бўшатиб беради. Айни куз фаслида аҳоли томонидан хазонрезги мавсумида юқорида айтиб ўтилган манзарали ва мевали дарахтлардан тўкилаётган баргларни йиғиш, тўплаш ва ёқиб юбориш холатлари бизни ташвишга солади. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан шох-шаббаларнинг ёқиб юбориш ҳам кузатилади.

Дарҳақиқат юртимизда куз фасли келиши билан хазон мавсуми бошланади. Яъни сарғайган дарахт барглари ерга гилам қатори тўкилади ва баргларни йиғиб айрим хонадон, маҳалла, корхона ва ташкилотлар ҳудудларида хазонларни тўплаб ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилади.

Келинг яна бир бор ёнаётган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқаради. Ундан ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқаради.

Мутахассисларни айтишича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда  аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Шуни унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланганлар ва тузалиб чиққанлар учун эса ниҳоятда зарарлидир.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлигини ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 88-моддасида “Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача микдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дея алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари ёнғин содир бўлиши оқибатларидан келиб чиқиб жионий жавобгарлик ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим. Экологик қоидаларни бузган шахсларнинг аниқланишида маҳалла фаолларининг роли жуда ҳам муҳим.

Олиб борилаётган тадбирлар натижаси йилдан-йилга хазон ва шох-шаббаларни ҳамда ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари камайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу борада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам мавжуд. Бу бир неча омилларга боғлиқдир:

биринчидан, тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан хазон ёқишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича керакли чора-тадбирлар  амалга оширилиши лозим. Дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб мутасадди  ташкилотлар кўмагида ахоли яшаш марказлари ташқарисига чиқарилиб, тегишли жойларга ташлаш;

иккинчидан, кесилган шох-шаббаларни қайта ишлаш натижасида турли хилдаги қурилиш материаллари ва брикетлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

 учинчидан, дарахтлардан тўкилган хазонларни алоҳида ажратилган ҳолда йиғиб олиш натижасида улардан ўғитлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

 тўртинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзор-лаштиришда, экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва туманнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратиш;

 бешинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаш-тириш ишларида экологик ҳашарлар ўтказилиб, аввало экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндихоналарни озода сақлаш, бунда айниса, жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;

олтинчидан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш экологик  қоидабузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан бири, бу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришдир.  Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси Экопартия фракцияси аъзолари ҳамкорлигида қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар қабул қилиш, жумладан, Ўзбекистон Республкасининг Экологик кодексини ишлаб чиқиш борасида ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.  Куни кеча  депутатлар томонидан олиб кирилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўсимлик дунёси объектларини муҳофаза қилишни такомил-лаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни дарахтлар, буталар ва бошқа ўсимликларнинг ғайриқонуний кесилиши, йўқ қилиниши, шикастлантирилиши олдини олишга  ҳамда  атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари , хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини  кучайтириш орқали бу борадаги ҳуқуқбузарликларни камайишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, бу борада олиб бораётган амалий ишларимиз соҳада қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги қонун ижодкорлиги самараси экологик фаровонликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси, келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилиши лозим.

 

Улуғбек ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси  

Арнасой туман партия ташкилоти раиси.  

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар