Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Ўзбек халқи болалар адабиёти: кеча ва бугун

Ўзбек халқи болалар адабиёти: кеча ва бугун

22 сентябрь 2022 йил
17
0

Болалар адабиёти ҳақида сўз борганда дунё болалари учун яратилган бадиий, илмий ва оммабоп асарлар хаёлимизга келади. Хусусан, ўзбек халқи болалар адабиёти тўғрисида тўхталсак, миллий ўйинлар, ривоят, афсона, масал, достон ва шу каби жанрлар асоси халқ оғзаки ижодига бориб тақалади. 

Мутахассислар фикрича, китобхон ёшини ҳисобга олиш Болалар адабиётининг энг асосий хусусиятларидандир. Масалан, мактабгача ёшдаги болаларда бу кўргазмалилик, эзгулик ва ёвузлик кучларининг оддий кўринишдаги зиддиятларига асосланган бўлса, ўсмирлар учун яратилган адабиётда мураккаб ҳаётдаги мураккаб кишиларнинг руҳияти очила бошлайди.

Болалар адабиётининг дастлабки намуналари панднома, насиҳатнома ва ахлоқ китобларидан иборат асарларидир. Кайковуснинг “Мавъизатномаи Кайковус”, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Жомийнинг “Баҳористон” асарлари моҳир таржимонлар томонидан таржиа қилиниб, ўзбек Болалар адабиётига кириб келган. Жумладан, ўқувчиларимиз севиб мутолаа қиладиган Гулханийнинг “Зарбулмасал” асари ўзбек Болалар адабиётининг мумтоз намунаси бўлиб, панднасиҳат руҳидаги мақолат ва ҳикоятлари билан асрлар мобайнида ёш авлод қалбида эзгу фазилатларни шакллантиришда муҳим тарбия воситасини ўтаб келмоқда.

Ўзбек болалар адабиётини сара дурдоналари қаторида ғарб адабиёти, хусусан, рус адабиётидан ўзбекчага таржима қилинган асарларни кўришимиз мумкин. И.А. Крилов масаллари, Пушкиннинг “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак” асари, К.Д. Ушинский ҳамда Л.Н. Толстойнинг бир қанча ҳикоя, эртаклари ва бошқа асарлар таржима қилиниб, янги усулдаги мактаблар алифбо ва ўқиш китобларига киритилди. Ўзбек болалар адабиётини нодир асарлар билан бойитишда юксак истеъдод эгаси Миразиз Аъзамнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этиш мумкин. Унинг рус адабиётидан қилган таржималари бола тилига яқинлиги, тушунарли ва равонлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда нашриётларимизда чоп этилаётган болаларга мўлжалланган китоблар замон талабига қай даражада жавоб бераётгани ҳақида тўхталадиган бўлсак, минглаб ададларда болалар адабиётига оид китоблар чоп этаётган “Янги аср авлоди” нашриёти, назаримизда, бошланғич таълим ёшидаги болалар китоб ўқиганида уларни асосан мавзуга доир расмлар қизиқтиришини инобатга олмаётгандек. Сабаби, Худойберди Тўхтабоевнинг бир қанча асарлари ажойиб муқоваларда чоп этилди, аммо мутолаа давомида китобхон бирорта расм учратмайди. Бу борада “Ўзбекистон” нашриёт матбаа ижодий уйида болалар учун чоп этилаётган китоблар замонавий дизайни ва расмларга бойлиги билан аҳамиятлидир. Жаҳон ва ўзбек халқи эртаклари сериясида нашрдан чиққан “Наъматак малика”, “Кичкина Янко”, “Уч тилак” каби китоблар бунга мисол бўла олади.  

Болалар адабиётининг ёш авлод камолотида ўрни нечоғлик аҳамиятли экан, узоқ йиллар чоп этилган ва эндиликда ночор аҳволга келган китобларни асраш ва қайта нашр эттириш, шунингдек, ҳозирда нашр эттирилаётган китобларнинг савиясини ошириш йўлида барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз шарт. Шундагина биз кўзлаган мақсадимизга етишимиз, болалар адабиётининггуллаб-яшнашида муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз. 

Наргиза АЛИМОВА

Арнасой тумани 20-сонли умумтаълим

мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар