Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Фирибгарлик жамият иллати

Фирибгарлик жамият иллати

17 январь 2022 йил
420
0

 

     Ҳозирги кунда фирибгарлик жиноятларининг сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, баъзи жиноятчилар уни касб қилиб олгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида, “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.

     Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

     Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деб белгиланган.

     Фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалганларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат.

     Фирибгарлик жиноятнинг объекти ўзганинг мулкидир. Фирибгарликнинг предмети ўзганинг мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқидир. Мулкка бўлган ҳуқуқ, одатда, турли хил ҳужжатларда мустаҳкамланган бўлади.

     Объектив томондан фирибгарлик алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат бўлади.

     Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

     Фирибгарликни содир этишда айбдор шахс ҳокимият вакили формасини кийиб олиш ёки унинг гувоҳномасини қалбакилаштириш йўли билан ўзини бошқа шахс қилиб кўрсатиши ва шу йўл билан ўзганинг мулкини олиши мумкин.

Фирибгарликнинг талон-торождаги ўғрилик, талончилик, босқинчилик шаклларидан фарқи шундаки, фирибгарликда жабрланувчининг ўзи мулкни айбдорга ишонгани ёки алдангани сабабли ихтиёрий равишда бериб юборади.

     Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда,  айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин. Фирибгар ниятига эришиш учун қариндошчилик, дўстлик муносабатларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

     Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор  ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади. Қонунга кўра, шахс банкдаги пул маблағларини улар унинг банкдаги ҳисоб варақасига келиб тушган (ўтказилган) пайтдан бошлаб  реал тасарруф қилиш имкониятига эга бўлганлиги туфайли, жиноят бу маблағлар уларни маблағ эгаси ҳисоб варақасидан алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан олган шахснинг ёки бошқа шахснинг банкдаги ҳисоб варақасига ўтказилган пайтдан тугалланган деб топиш лозим.

Агар шахс алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ақли норасо шахснинг ёхуд ўзига нисбатан содир этилган ҳаракатларнинг хусусиятини тушунмайдиган ёш боланинг мулкини қўлга киритиб олса, айбдор фирибгарлик учун эмас, балки ўғрилик учун жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

     Субъектив томондан фирибгарлик тўғри қасддан ғаразлик мақсади билан содир этилади, ғаразлик мақсадининг мавжудлиги фирибгарликнинг зарурий аломати ҳисобланади. Фирибгарлик жиноятининг субъекти 16 ёшга тўлган ақли расо ҳар қандай шахс бўла олади.

     Юқорида фирибгарлик жинояти юзасидан тушунча бериб ўтишдан мақсад, фирибгарнинг тузоғига тушуб қолмаслик учун фуқароларимизнинг  бу борада ҳуқуқий онгини ошириш, уларни мушкул аҳволга тушиб қолишини олдини олишга қаратилган.

Зеро, фирибгарлик жиноятига қарши кураш борасида нафақат ҳукуматимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

 

Низомиддин ЭРНАЗАРОВ

Жиззах вилоят судининг судьяси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар