Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Мустақилликнинг 30 йиллиги: Ёшларга улкан имкониятлар эшиги очилди

Мустақилликнинг 30 йиллиги: Ёшларга улкан имкониятлар эшиги очилди

06 сентябрь 2021 йил
46
0

“Янги Ўзбекистон” боғида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини тантанали равишда нишонладик. Унда Президентимиз нутқ сўзлаб, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Албатта, 30 йил тарих олдида унча катта вақт ҳисобланмайди, лекин шу давр мобайнида Ўзбекистон жуда кўплаб ютуқларга эришди, дейишга асослар етарли. Айниқса, охирги беш йилда мамлакатимиз ҳар томонлама янгича босқичга кўтарилди. Халқимизни рози қилиш, одамларнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш йўлида дадил қадам қўйилди.

Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратила бошланди.

Эътиборлиси, Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, йигит-қизларнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашлари, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг мустақиллик байрамида сўзлаган нутқини тинглар эканман, Ўзбекистонда таълим соҳасида катта ўзгаришлар бўлишига ишонч ҳосил қилдим. Чунки агар таълим ўзгарса, таълим инсонни ҳам ўзгартиради. Инсон ўзгарса эса бутун жамият ўзгаради. Мамлакатимизда узлуксиз таълимни такомиллаштириш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани боиси ҳам шунда.

Ҳозирги кунда таълим соҳасида янгича ёндашувлар фаол жорий этилаётганини ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Очиғи, бундан тўрт-беш йил олдин республикамизда хусусий мактаб ёки боғча бўлишини тасаввур қилиш қийин эди. Президентимиз раҳбарлигида соҳада жаҳон тажрибаси ўрганилиб, янги тартиб-қоидалар, замонавий таълим усуллари жорий этилаётгани туфайли бугун хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани боис ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди.

Бугун буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017-2020 йилларда ўқувчилар нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Зеро, ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун ўтган ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.

Олий таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан, 28 фоизга етказилди. Жорий йилда ногиронлиги бўлган ёшлар учун – 3 минг 155 та, “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун – 1 минг 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун – 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилгани чиндан ҳам тарихий воқелик бўлди.

Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ёшларни мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлиб шаклланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зотан, бугунги кунда янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар ёшларимиз жаҳон майдонларида турли соҳа ва йўналишларда юксак марраларни эгалламоқда. Бу мустақиллик шарофати  ва мамлакатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган катта эътиборининг амалдаги ифодасидир.

 

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар