Телефонлар:
(0372) 372-12-44
(0372) 372-14-40
» » Мулкка етказилган зарарларни судда ҳал қилиш

Мулкка етказилган зарарларни судда ҳал қилиш

31 август 2021 йил
229
0

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 985-моддасига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.  Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин. Қонунчиликда ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.

Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар, агар бунда мудофаа чегарасидан чиқилмаган бўлса, тўланмайди. Агар ғайриқонуний тажовуздан ҳимояланиш пайтида ҳимояланувчи учинчи шахсга зарар етказган бўлса, бу зарар тажовуз қилган шахс томонидан тўланиши лозим. Шахсга унинг жиноий ҳаракатларининг пайини қирқиш ёхуд уни ушлаш ва тегишли органларга олиб бориш сабабли етказилган зарар тўланмайди. Охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, яъни зарар етказган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсларга таҳдид солган хавфни бартараф этиш учун охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, агар бу хавф мазкур ҳолатларда бошқа воситалар билан бартараф этилиши мумкин бўлмаса, зарар етказган шахс томонидан тўланиши лозим, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Бундай зарар етказилган ҳолатларни ҳисобга олиб, суд уни тўлаш мажбуриятини зарарни етказган шахс учинчи шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган бўлса, ўша шахсга юклаши ёхуд бу учинчи шахсни ҳам, зарар етказган шахсни ҳам зарарни тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли Қароридан келиб чиққан ҳолда, маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми маънавий зарар етказиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг турлилиги, уларни кучга кириш муддатларининг ҳар хиллиги, шунингдек Фуқаролик кодекси қабул қилиниши билан ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни вужудга келтирганлигини қайд этади. Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади. Ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти бўлиб фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари, (ҳаёти, соғлиғи, шахснинг қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқа номулкий ҳуқуқларнинг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқалар)ни бузилиши бўлиши мумкин. Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин. Амалдаги қонунга кўра (ФК 1021-моддаси) маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бўлувчи шартлардан бири зарар етказувчининг айби бўлиши ҳисобланади. Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлар бундан мустаснодир. Масалан:

-зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

-зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф равишда қўллаш, маъмурий жазо қўллаш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса;

-зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса.

Хулоса ўрнида, зарар тушунчаси кенг қамровли ҳуқуқий институт бўлиб, фуқаролик судларида фуқаро ва юридик шахслар ўртасида келиб чиқадиган низолар келишув битими орқали ҳам ҳал этилмоқда.  

 

Бекзод Казаков,

ФИБ Дўстлик туманлараро

судининг судьяси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар